Жаҳон | 21:54 / 17.06.2020
8738
3 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон ва Хитой чегарадаги можаро юзасидан бир-бирига эътироз билдирди 

Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраманиям Жайшанкар Хитой билан чегарада икки давлат ҳарбийлари иштирокида юз берган можаро юзасидан хитойлик ҳамкасби Ван Ига эътироз билдирди. 

Жайшанкар можародан кейин Ван И билан телефон орқали боғланиб, тўқнашувлар икки томонлама муносабатларга жиддий таъсир қилиши мумкинлигини айтган.

Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлигида таъкидланишича, Хитой зўравонликка ва қурбонларга олиб келган олдиндан ўйланган ва режалаштирилган ҳаракатларни амалга оширган. “Айни вақтда Хитой томони ўз ҳаракатларини қайта кўриб чиқиши ва вазиятни тўғриловчи қадамлар қабул қилиши лозим”, дейилган Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлигида.

“Икки томон қўшинлари икки томонлама келишувлар ва баённомаларга амал қилиши лозим. Улар чегарадаги назорат линиясига риоя қилишлари ва уни ўзгартириш учун бир томонлама ҳаракатлар амалга оширмаслиги лозим”, дейилган Ҳиндистон томони хабарида.

Шу билан бирга, суҳбат натижаларига кўра, томонлар вазият масъул тарзда ҳал қилиниши ва икки томон келишувларни сидқидилдан бажаришига келишиб олинган. “Бирор томон вазиятни кескинлаштирадиган бирорта ҳаракат амалга оширмайди, бунинг ўрнига икки томонлама келишувларга кўра тинчлик ва осойишталикни таъминлайди”, дейилган хабарда.

Хитой ташқи ишлар вазирлигида таъкидланишича, Хитой ташқи ишлар вазири ҳам Ҳиндистонга эътироз билдирган ва Нью-Деҳлидан воқеанинг тергов қилиниши ва айбдорларнинг жазоланишини талаб қилган. Ван И Ҳиндистонни иғво қилишдан тийилишга чақирган.

Ҳиндистон ва Хитой ҳарбийлари ўртасидаги тўқнашувлар 16 июнга ўтар кечаси Ладакх провинциясида юз берган. Манбаларнинг маълум қилишича, можаро вақтида ўқотар қурол қўлланмаган. Таъкидланишича, Ҳиндистон можаро давомида 20 ҳарбийни йўқотган. Хитой томонидан эса 43 киши ўлдирилган ва оғир яраланган. Бироқ бу маълумотнинг расмий тасдиғи келтирилмаган. 

Ушбу чегараолди ҳудудида вазият май бошида 250 га яқин хитойлик ва ҳиндистонлик ҳарбийлар иштирокида муштлашув юз бергандан кейин кескинлашган. Ўшанда икки томондан 100 дан кўпроқ киши жароҳат олган.   

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид