Жаҳон | 00:51 / 17.06.2020
6778
2 дақиқада ўқилади

Туркия адлия вазири Авлиё София ибодатхона-музейи масжидга айлантирилиши кераклигини айтди

Эрдўған ўтган йили Авлиё София ибодатхона-музейининг масжидга айлантирилиши АҚШ президенти Дональд Трампнинг Қуддусни Исроил пойтахти ва Жўлан тепаликларини Исроилга тегишли деб тан олиш ҳақидаги қарорига жавоб бўлишини айтганди. 

Фото: Reuters

Туркия адлия вазири Абдулҳамит Гул ҳозирда музей мақомига эга Истанбулдаги Авлиё София ибодатхонаси масжидга айлантирилиши кераклигини айтди

Соборни масжидга айлантириш "Константинополни эгаллаган султон Меҳметнинг хоҳиши каби бизнинг ҳам умумий хоҳишимиз", деди у "Онадолу" газетасига берган интервьюсида.

У давлат кенгаши бу масалани июлда кўриб чиқишини эслатиб ўтди ва ибодатхона билан қандай йўл тутиш борасида Туркияга буйруқ беришга  бошқа давлатларнинг ҳаққи йўқлигини айтди.

29 май куни, Констанинополнинг қулаши санаси муносабати билан Авлия София ибодатхонасида Қуръон тиловат қилинди. Орадан бир ҳафта ўтгач, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Адолат ва тараққиёт партияси марказий қўмитасига ибодатхонани масжидга айлантириш имкониятини ўрганиб чиқишни топширди.

Эрдўған ўтган йили Авлиё София ибодатхона-музейининг масжидга айлантирилиши АҚШ президенти Дональд Трампнинг Қуддусни Исроил пойтахти ва Жўлан тепаликларини Исроилга тегишли деб тан олиш ҳақидаги қарорига жавоб бўлишини айтганди. 

Авлиё София ибодатхонаси 1934 йилда Туркиянинг биринчи президенти Мустафо Камол Отатуркнинг қарори билан музей мақомини олган.

 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид