Ўзбекистон | 22:33 / 19.06.2020
6627
3 дақиқада ўқилади

2020 йилда Тошкент вилоятида 15 киши сувга чўкиб кетган, шундан 7 нафари болалар

ФВВ Тошкент вилоят бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Рустам Алимовнинг маълум қилишича, жорий йилда вилоят бўйича 15 киши сувга чўкиб кетган, шундан 7 нафари вояга етмаган шахслардир.

«Тошкент вилоятида ёз мавсумида аҳолининг сув ҳавзаларида хавфсизлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлили жойларда аҳолининг сувда чўкиши билан боғлиқ профилактик тадбирларни кучайтириш лозимлигини кўрсатмоқда.

Ҳозирги кунга қадар вилоят бўйича чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар натижасида Бекобод шаҳрида 3, Чиноз туманида 2, Чирчиқ шаҳрида ва Пискент туманида 1 нафардан вояга етмаган болалар нобуд бўлган.

Жумладан, 15 июнь куни Бекобод шаҳрида сувда чўкиш билан боғлиқ 1 та ҳолат содир бўлган. Бекобод шаҳар «Нурли йўл» МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи дарёнинг ўнг қирғоғи бўлган «Бекобод» канали бошланиш қисмида эҳтиётсизлик оқибатида бир вақтнинг ўзида 3 нафар бола чўкиб кетган», дея Рустам Алимовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълум бўлишича, 20 йил давомида Тошкент вилоятида сувга чўкиш билан боғлиқ 15 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган. Шундан бир киши қутқарилган, қолганлар ҳалок бўлган. Хусусан, Бўстонлиқ, Юқори Чирчиқ, Бекобод ва Чиноз туманларида 3тадан, Янгийўл туманида 2 та ва Қибрай туманида 1 та ана шундай ҳодиса содир бўлган.

«Тошкент вилоятида Чорбоғ, Оҳангарон ва Тошкент сув омборлари ҳамда Чирчиқ, Қорасув, Оҳангарон ва Сирдарё дарёлари, шунингдек, 50 дан ортиқ магистрал каналлар ҳамда сув иншоотларида ҳозирги кунда ҳудудий Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар ва Миллий гвардия бўлинмалари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари ҳамда каналларни тасарруф этувчи бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда 60 га яқин хавфли, яъни чўкиш билан боғлиқ ҳудудларда навбатчилик, назорат, кузатув ва тарғибот постлари ташкил этилган.

Фурсатдан фойдаланиб, ота-оналарга мурожаат қилмоқчиман. Ҳурматли ота-оналар! Фарзандингизни чўмилиш билан боғлиқ бўлган бахтсиз ҳодисалардан асрашни, назоратсиз қолдирмасликни, фақат маданият ва истироҳат боғларидаги сув ҳавзалари (бассейн)да назорат остида, қатъий қоидаларга риоя қилган ҳолда чўмилишни амалга оширишини сўраймиз.

Айниқса, ёш болаларни назоратсиз қолдирманг! Ёз мавсуми бошланиши билан кунлар исийди. Шубҳасиз, об-ҳавонинг тобора исиб кетиши туфайли фуқароларнинг сувга, чўмилишга бўлган эҳтиёжи ортиб бориши табиий. Афсуски, сувда чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар такрор-такрор учраб турибди.

Чўкиш ҳолатларини кўпроқ вояга етмаган (18 ёшга тўлмаган) болалар ташкил қилмоқда. Бунга фуқароларнинг тақиқланган жойларда (дарё, канал ва анҳорларда) чўмилиши, ота-оналар ва катталар томонидан ёш болаларнинг қаровсиз, назоратсиз ва эътиборсиз қолдирилиши ҳамда фуқароларнинг хавфсизлик ва чўмилиш қоидаларига риоя қилмасликлари сабаб бўлмоқда», деди Рустам Алимов.

Мавзуга оид