Ўзбекистон | 12:35 / 19.06.2020
8192
2 дақиқада ўқилади

«Фуқаролар жамоат тартибини сақлашда иштирок этиши тўғрисида»ги қонун сенаторлар томонидан рад этилди

Қайд этилишича, миллий қонунчиликда фуқароларнинг жамоат тартибини сақлашдаги иштирокининг ҳуқуқий асоси мавжуд эмас. Фуқароларнинг жамият тартибини сақлашда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ички ишлар ва бошқа органлар билан ҳамкорлик масалалари тартибга солинмаган. Мазкур камчиликларин бартараф этиш мақсадида «Фуқароларнинг жамоат тартибини сақлашда иштирок этиши тўғрисида»ги қонун ишлаб чиқилган бўлса-да, унда бир қатор номувофиқликлар мавжуд.

Сенатнинг 5-ялпи мажлисида «Фуқароларнинг жамоат тартибини сақлашда иштирок этиши тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди.

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳоновга кўра, қонунда концептуал камчиликлар мавжуд.

«Қонуннинг 7-моддасида фуқаролар жамоат тартибини сақлашда иштирок этганда ҳуқуқбузарлик прлофилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар билан ҳамкорлик қилиши белгиланган. «Ҳуқуқбузарлик профилактикаси тўғрисида»ги қонунда Ички ишлар, прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Президент давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Адлия, давлат божхона хизмати, давлат солиқ хизматидан ташқари меҳнат, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органлари, таълимни давлат томонидан бошқариш органлари, давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ҳам ҳуқуқбузурлик профилактикасини амалга оширувчи ташкилотлар сирасига киради. Бироқ янги қонунда уларнинг ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари акс эттирилмаган.

Фуқароларнинг жамоат тартибини сақлашда иштирок этиши жараёни билан боғлиқ чекловлар – ёш тоифаси, судланганлик ҳолати, муомалага лаёқатлилик даражаси ва бошқа ҳолатлар тўлиқ экс эттирилмаган.

Фуқароларнинг жамоат тартибини сақлашда иштирокини таъминлашда уларнинг махсус тайёргарликдан ўтиши – биринчи ёрдам кўрсатишни ўргатиш, ҳуқуқий, жисмоний тайёргарликдан ўтказиш, ҳимоя воситалари билан таъминлаш, уларнинг ҳаётини суғурталаш кабилар кўрсатилиши керак.

Қонунда фуқароларнинг жамоат тартибини сақлашга кўмаклашиш мақсадида жамоат тузилмалари тузиш ва уларнинг фаолиятида қатнашиш, жамоат тартибини сақлашда якка тартибда ёки жамоа бўлиб иштирок этиш билан боғлиқ шакллар баён этилмаган», дея сенаторнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда сенаторлар «Фуқароларнинг жамоат тартибини сақлашда иштирок этиши тўғрисида»ги қонунни рад этишди.

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид