Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ҳуқуқшуноснинг ойлиги устамалари билан 2 миллионга боради» – Турдимов ҳокимликлардаги кадрлар муаммоси ҳақида гапирди
Сенатнинг 5-ялпи мажлисида Самарқанд вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботи эшитилди. Унда Сенат раиси Танзила Норбоева Самарқанд вилояти Эркинжон Турдимовга ижро органи раҳбарларининг масъулиятини ошириш, уларнинг фаолияти устидан доимий назорат масалаларига оид савол билан мурожаат қилди.
«Ҳамма нарса биринчи навбатда кадрларга бориб тақалади. Ҳамма нарсани кадрлар ечади. Ҳокимликнинг ўқиши йўқ, бошқаси йўқ. Ҳокимликка қўйиляпти ва жойлардаги жамоасининг кучи етмаяпти. Туманлар миқёсида менинг ўзим ҳам кўп савол бераман. Уларни қандай ишлатишимиз керак, нима қилишимиз керак, деган масала туғилади.
Ҳокимликка қабул қилаётган одамларимизни ўқув машғулотлари, амалиётларини ўтказишимиз керак. Танлаб олишимиз керак. Ҳокимиятга ким келади? Ҳокимиятга ишсиз одам келиб мурожаат қилади. Масалан, вилоят ҳокимиятига чақирсак ҳам кўпчилик келади, иш ҳажмини кўради, бошқа ишда ишласам бўладими дейди.
Биргина мисол, кўп судларга борилади, қарорлар хато чиқади. Бу қарорлар туфайли жойларда тадбиркорларимиз азият чекяпти. Бу кўз юмиб бўлмайдиган нарса. Унинг ҳаммасига ҳоким имзо қўйган. Нима учун имзо қўйган. «Менга тайёрлаб олиб келишди», дейди. Юристнинг ҳам имзоси бор. Ҳаммаси ерга қарайди. Бир тарафдан коррупция, бошқа томондан очиқлик мезонлари, танлов мезонларига риоя қилмаслик натижасидан.
Ҳокимликларнинг юристлари, юридик хизмати бор. Ойлиги 1 миллион 192 минг сўм. Устамалари билан 2 миллион юз минг сўм олади. Туман ҳокимиятида ўтирган юридик хизмат ходими шунча олади. Тумандаги адлия ходими ёки прокуратура органининг бевосита ҳуқуқшунослик билан ишлайдиган энг кам ойлик оладиган ходимининг маоши 4 миллион сўм.
Ҳокимиятдаги иш ҳажми билан бошқа тизимдаги юристларнинг иш ҳажми ўртасидаги фарқ ер билан осмонча. Ўз-ўзидан, энг сифатсиз, иш топа олмай қолган кадр, «ўтмаган» кадр мажбурликдан ҳокимиятга ишга олинади. Бу ҳам иш сифатига таъсир қилади.
Иккинчидан, ҳокимликнинг кўплаб ишлари бугунги кунда кадастр, ер ресурслари билан бевосита боғлиқ. Бу хизматдагилар, архитектурадагиларнинг камчилиги бўладиган бўлса, архитектура органларидан эмас, ҳокимлардан сўрала бошланади. Албатта, ҳокимлар ижтимоий-иқтисодий вазиятга жавоб бериши керак. Булардаги аҳвол ҳам, кадрлар тизими ҳам ислоҳотларга ўта муҳтож. Кўчмас мулк кадастри, ер ресурслари, архитектура – ислоҳотларга ўта муҳтож соҳалар деб биламан. Буларда ҳам ислоҳотлар бўляпти. Лекин бугун халқимиз талаб қилаётгандек ислоҳотлар амалга оширилмаяпти», дея Эркинжон Турдимовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
19:45 / 13.06.2026
Сенат аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади
15:29 / 13.06.2026
Сенат Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги қонунни рад этди
08:33 / 05.06.2026
АҚШ Россияга қарши санкцияларни кенгайтириш сари қадам ташлади
17:36 / 23.05.2026