Жаҳон | 08:05 / 19.06.2020
5852
2 дақиқада ўқилади

Хитой: Пандемия «Бир макон, бир йўл» ташаббусининг 60 фоиз лойиҳаларига салбий таъсир кўрсатди

Коронавирус пандемияси Хитой томонидан билдирилган “Бир макон, бир йўл” ташаббусининг 60 фоиз лойиҳалари амалга оширилишига салбий таъсир кўрсатгани маълум қилинди. Бу ҳақда Хитой ташқи ишлар вазирлигининг халқаро иқтисодиёт департаменти раҳбари Ван Сяолун айтиб ўтди.

“Пандемия 20 фоиз лойиҳаларга жиддий, яна 40 фоиз лойиҳаларга у ёки бу даражада таъсир қилди. Қолган 40 фоиз лойиҳалар одатдаги тартибда амалга оширилмоқда ва деярли жабр кўрмаган”, деб маълум қилган Ван Сяолун матбуот анжуманда.  

Унинг таъкидлашича, Пекин халқаро етказмаларни сақлаш учун фаол саъй-ҳаракатлар амалга оширмоқда ва барча иқтисодий ҳамкорлар билан яқин алоқаларни қўллаб-қувватламоқда. “Вазият яқинда нормаллашишига ва дунёда эпидемиологик вазиятни назорат остига олишга муваффақ бўлинишига умид қиламиз”, деб қўшимча қилган дипломат.

Ван Сяолуннинг маълум қилишича, Хитой ҳукумати узоқ муддатли трансчегаравий лойиҳаларга қизиқиш билдирмоқда ва уларни илгари суриш учун фаол ҳаракатлар амалга оширади. “Баъзи лойиҳалар секинлашди, бироқ улардан бирортаси тўхтаб қолмаган”, деб қўшимча қилган Хитой вакили.

Расмий статистикага кўра, Хитойнинг хориждаги тўғридан-тўғри инвестициялари 2020 йил январидан май ойигача 296,2 млрд юанни (42,2 млрд доллар) ташкил қилиб, йиллик ифодада 1,6 фоизга камайган. Шу билан бирга, Хитойнинг “Бир макон, бир йўл”даги иштирокчи давлатлар иқтисодиётига киритаётган сармояси ўсишда давом этган ва 5 ойда йиллик ифодада 16 фоизга ўсиб, 6,53 млрд долларгача етган. 

“Бир макон, бир йўл” ташаббуси 2013 йилда Хитой раиси Си Цзиньпин томонидан иложи борича кўпроқ давлатлар иштирокида ва Хитой ҳамда хорижий сармоялардан фойдаланган ҳолда халқаро кўп томонлама савдо-инвестиция лойиҳаларини фаоллаштириш мақсадида таклиф қилинган. Ушбу ташаббусга ҳозирда 150 дан кўпроқ давлат ва халқаро ташкилотлар қўшилган.

Мавзуга оид