Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Йўл ҳаракати хавфсизлигига оид айрим стандартлар 70-йиллардан қолган – бу бўйича ҳукуматга парламент сўрови юборилади
Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборилди.
Видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтган Сенатнинг 5-ялпи мажлисида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масаласи кўриб чиқилди.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов мазкур йўналишдаги камчиликларни санаб ўтди.
Маълум қилинишича, автомобил йўлларида йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан таъсирчан назорат тизими ўрнатилмаган. 2019 йилда республика бўйича жами 6 миллиондан ортиқ йўл ҳаракати қоидабузарлиги, жумладан, 3 миллионга яқин қўпол қоидабузарлик, 35 мингга яқин транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш ҳолати, 350 мингдан ортиқ пиёдалар қоидабузарлиги қайд этилган. Оқибатда 8558та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Уларда 7943 нафар фуқаро жароҳатланган, 2096 нафар фуқаро ҳалок бўлган.
2020 йилнинг биринчи чорагида йўл-транспорт ҳодисалари 2019 йилнинг мос даврига нисбатан бу кўрсаткич 4,7 фоизга ошган. 2019 йилдаги қоидабузарликлардан бор-йўғи 1,2 миллион ҳолат компьютерлаштирилган бошқарув тизими орқали аниқланган. Қоидабузарликни автоматик аниқлайдиган мосламалар, шунингдек, онлайн режимда ишловчи фоторадарлар ўрнатиш билан боғлиқ ишлар суст олиб борилмоқда.
Автомобил йўлларида автомобилларни ахборотлар билан таъминлаш, йўл бўйидаги инфратузилмаларни халқаро стандартлар талабига мувофиқ ривожлантириш билан боғлиқ масалаларга керакли эътибор қаратилмаяпти. Тегишли норматив ҳужжатлар замонавий стандартларга мос келмайди. Айрим стандартлар ўтган асрнинг 70-80-йилларида ишлаб чиқилган.
«Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган йўл белгилари, ахборот кўрсаткичлари, йўл ҳаракатини тартибга солишнинг бошқа техник воситаларини ишлаб чиқариш ва ўрнатиш дастури ижросига юзаки ёндашилмоқда.
Йўл чизиқларини тортишда жиддий камчиликлар мавжуд бўлиб, автомобил йўлларига икки ой ичида ўчиб кетадиган йўл чизиқлари тортилмоқда.
Умумтаълим мактабларида ўқувчиларга йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш ишлари талаб даражасида эмас. Бу бўйича машғулотлар мактаб дастурлардан қисман олиб ташланган. Дарслик ва қўлланмалар мавжуд эмас», дея сенаторнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Маълум қилинишича, 2019 йилда болалар билан боғлиқ 1309та транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 1147 нафар бола жароҳатланган, 193 нафар вояга етмаган бола ҳалок бўлган.
Ҳайдовчиларни тайёрлаш ва улардан имтиҳон олиш билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Йўл ҳаракати қоидалари 2015 йилда тасдиқланган бўлса-да, ҳайдовчилар ва ҳайдовчиликка номзодлардан имтиҳон олиш 2011 йилда тасдиқланган тартибга мувофиқ амалга оширилмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровини юбориш масаласи сенаторлар томонидан маъқулланди.
Мавзуга оид
19:45 / 13.06.2026
Сенат аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади
15:29 / 13.06.2026
Сенат Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги қонунни рад этди
08:33 / 05.06.2026
АҚШ Россияга қарши санкцияларни кенгайтириш сари қадам ташлади
17:36 / 23.05.2026