Жамият | 22:45 / 20.06.2020
56736
2 дақиқада ўқилади

Юнусободдаги тўй келин ва 12 нафар иштирокчининг коронавирусга чалинишига сабаб бўлди. Юзлаб одамлар карантинга олинди - ССВ

Ҳозирда бўлиб ўтган тадбирларда иштирок этган ва улар билан мулоқотда бўлган барча фуқаролар, ўнлаб оила аъзоларидан Covid-19га таҳлил олиниб, стационар ва уй карантинида тиббий кузатувга олинди.

Фото: KUN.UZ

Юнусобод туманида яшовчи фуқаро тўрт кун ичида икки нафар фарзандининг кетма-кет ўтказилган никоҳ тўйи сабабли ҳам келин, ҳам 12 нафар маросим иштирокчиси ушбу коронавирус инфекциясига чалинган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Қайд этилишича, айни пайтда кўплаб одамлар ушбу инфекцияни юқтириб олганликда гумон қилиниб, таҳлил натижаларини кутмоқда.

Ҳозирда бўлиб ўтган тадбирларда иштирок этган ва улар билан мулоқотда бўлган барча фуқаролар, ўнлаб оила аъзоларидан Covid-19га таҳлил олиниб, стационар ва уй карантинида тиббий кузатувга олинди. Эпидемиологик суриштирув ишлари давом этмоқда.

“Кўриб турганингиздек, эҳтиёт чоралари кўрилмас экан, баъзи ҳолатларда туғилган кун, тўй ва бошқа шу каби тадбирлар фуқароларнинг касалликни оммавий юқтириб олишига сабаб бўлмоқда. Бу барчамиздан зарурат бўлмаганда оммавий ва оилавий тадбирлар ўтказишдан ҳамда унда иштирок этишдан вақтинчалик тийилиб туришимиз кераклигини кўрсатмоқда. Бу эса ўзимиз ва яқинларимизнинг саломатлиги учун бебаҳо қоида эканлигини унутмаслигимиз керак.

Шу ўринда хулоса ўрнида шу кунларда пойтахтимиздаги Вирусология илмий текшириш институти клиникасида коронавирусга чалинган 49 ёшли беморнинг нафас етишмовчилигидан қанчалик қийналаётганлиги ҳақидаги 10 сониялик видеолавҳани эътиборингизга ҳавола этамиз”, дейилади вазирлик хабарида.

Аввалроқ Тошкент шаҳрида туғилган кун нишонланиши оқибатида 13 киши вирусга чалинганлиги ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид