Жаҳон | 08:48 / 21.06.2020
7148
3 дақиқада ўқилади

Озарбойжоннинг йирик шаҳарларида карантин қатъийлаштирилди

Озарбойжоннинг 8 та аҳоли пунктида, жумладан пойтахт Бокуда 21 июндан 2 ҳафталик қатъий карантин бошланади. 

Мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони кўпаяётгани сабабли ҳукумат 21 июндан 5 июлгача пойтахт Боку, Ганжа, Сумгаит, Ленкоран, Евлах, Масалли, Жалилобод каби йирик шаҳарлар ва Бокуга ёндош Апшерон туманида карантин шароитлари қатъийлаштирилади. Бу ҳудудларнинг барчаси кўп сонда касалланганлар қайд қилинган биринчи кластерга киради.

Ҳукумат қарорига кўра, бу вақт давомида дўконлар ва дорихоналардан ташқари, йирик савдо марказлари яна ёпилади. Музейлар ва кўргазма заллари, сартарошхоналар ва гўзаллик салонлари ишлашдан тўхтайди. Шу билан бирга, ветеринар клиникалар, ҳаётни таъминлаш хизматлари, жамоат транспорт, жумладан метро ишлашда давом этади. 

Янги қоидалар ҳаракатланишга чекловлар ва ўзини яккалашнинг қўшимча чораларини кўзда тутади. Давлат корхоналари ва бюджет ташкилотлари ҳамда карантин вақтида фаолиятини давом эттиришга рухсат берилган соҳаларда ишловчи хусусий компаниялар ходимларининг бир қисми масофадан ишлашга ўтказилади.  

Бошқа фуқароларга 5 апрелдан 18 майгача амал қилган, уйни тарк этиш учун смс-рухсат олиш тизими яна жорий қилинади. Фуқаролар яшаш жойларини фақат уч ҳолатдагина тарк этишлари мумкин бўлади: тиббий маълумотнома олиш учун; озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон харид қилиш, почта ёки банкка бориш ҳамда сайр қилиш учун; яқин қариндошлари дафн маросимида иштирок этиш учун.

Карантинга риоя қилинишини назорат қилиш ички ишлар вазирлигига юкланган. Яримтундан бошлаб кўплаб жойларда полиция блокпостлари ўрнатилиши, кўчаларни ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг кучайтирилган нарядлари патруллай бошлаши режалаштирилган. 

Озарбойжонда 24 мартдан алоҳида карантин режими киритилган бўлиб, у 18 июнда 1 августга қадар узайтирилди. Бу қарор мамлакатда чекловлар юмшатилиши сабабли эпидемиологик вазият ёмонлашгани туфайли қабул қилинган. Май ойида янги касалланиш ҳолатлари кунига ўртача 60тагачани ташкил қилган бўлса, кейинчалик бу кўрсаткич 300тагача етган.

Озарбойжонда 19 июнда янги касалланиш ҳолатлари 400тадан ошиб, 20 июнда эса пандемия давомидаги энг кўп кунлик касалланиш ҳолати қайд қилиниб, 471тани ташкил қилган. 

Охирги маълумотларга кўра, мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 12 мингдан кўпроқни, ундан вафот этганлар сони 148 нафарни, соғайиб кетганлар эса 6516 нафарни ташкил қилмоқда. 

Мавзуга оид