Жамият | 09:30 / 27.06.2020
5827
3 дақиқада ўқилади

СамДТИда COVID-19 беморларига тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш мавзуида халқаро конференция ўтказилди

Сўнгги бир неча ой давомида дунёда кенг тарқалган коронавирус инфекцияси сабабли кўплаб давлатларда эпидемиологик вазият билан боғлиқ муаммолар юзага келаётгани сир эмас. Шубҳасиз, давлат ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг асосий мақсади Covid-19 дан аҳолини ҳимоя қилиш, саломатлигини мустаҳкамлаш ва карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлашдир.

Хусусан, юртимизда ҳам аҳоли саломатлигини сақлаш ва яхшилаш имконини берадиган сифатли соғлиқни сақлаш тизимини яратиш, имкон борича ушбу вазиятдан кам талафот билан чиқиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.

Самарқанд давлат тиббиёт институти томонидан БМТ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ва Россия Федерациясининг Aстрахан давлат тиббиёт университети, Рязан давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликда ўтказилган халқаро илмий-амалий онлайн конференция ҳам шу мақсадда ташкил этилди.  

СамДТИ ректори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Жасур Ризаев
ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лианне Куппенс

Онлайн конференцияда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лианне Куппенс коронавирус пандемиясига қарши курашда мамлакатимизда олиб борилаётган ишларни ижобий баҳолади.

Мазкур тадбир давлат раҳбарининг 2020 йил 26 мартда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 4649-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилди.

Халқаро конференцияда Ўзбекистонда COVID-19 билан курашишда ЖССТ ўрни ва ташкилот билан ҳамкорлик қилиш истиқболлари, Ўзбекистон шароитида COVID-19 билан курашишнинг устувор вазифаси, роли, беморлар терисидаги аломатлар, Россия Федерацияси тиббиёт муассасаларининг COVID-19 профилактикаси ва уни даволаш борасидаги тажрибалари, касаллик билан курашишда СамДТИ профессор-ўқитувчиларнинг ўрни, мамлакатимизда бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш муассасаларида вируснинг тарқалиши профилактикаси чора-тадбирларини алгоритми, коронавирус ва ҳомиладорлик масалалари, болаларда коронавирус инфекцияси профилактикаси, ташхиси ва даволаш хусусиятлари, коронавирус инфекцияси ва юрак-томир тизими касалликлари, инфекциянинг неврологик хусусиятлари, унинг оғир кечишида интенсив терапия масалалари, стоматологияда COVID-19 кўринишлари каби долзарб масалалар муҳокама этилди.

Айтиш мумкинки, бу каби анжуманлар мамлакатимизда коронавирус инфекцияси профилактикаси, уни ташхислаш ва даволашда замонавий тиббиётнинг ютуқлари, жаҳон мамлакатлари тажрибасини жалб қилишга қаратилиб, ушбу касалликни енгишга ўз ҳиссасини қўшади.

СамДТИ матбуот хизмати

Мавзуга оид