Ўзбекистон | 20:50 / 29.06.2020
19214
1 дақиқада ўқилади

Нукусда карантин чоралари кучайтирилади

Қорақалпоғистон Республикаси маркази Нукус шаҳрида 30 июндан карантин чоралари кучайтирилиши кутилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг телеграмида хабар қилинишича, Нукус 30 июндан «қизил» (юқори хавфли) тоифага киритилади.

Маълум қилинишича, шаҳарда бир қатор чекловлар қайта жорий қилиниб, карантин чоралари кучайтирилади.

Жумладан, жамоат транспорти, буюм бозорлари, кафе ва ресторанлар, сартарошхоналар, автомактаблар фаолияти тақиқланади.

Маълумот учун, 28 июнь куни Қорақалпоғистонда аҳоли орасида янги касалланиш ҳолалари аниқлана бошлаганди. Шу вақтгача Қорақалпоғистонда 151 ҳолат қайд этилган, 141 бемор тузалиб чиққан, айни вақтда 10 бемор даволанмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг 26 июндаги қарорига кўра, Нукус шаҳри «сариқ» ҳудуд сифатида белгиланганди.

Бундан аввалроқ Бухоро вилояти маркази Бухоро шаҳрида ҳам 1 июлдан карантин чоралари кучайтирилиши ҳақида хабар қилинганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид