Ўзбекистон | 11:37 / 30.06.2020
4010
3 дақиқада ўқилади

АКТ вазирлиги ҳузуридаги иккита муассасанинг вазифалари белгиланди

Вазирлар Маҳкамасининг 25.06.2020 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тизимидаги айрим ташкилотларнинг фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 409-сон қарори қабул қилинди.

Ҳужжат Президентнинг "Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 28 апрелдаги ПҚ-4699-сон қарори билан белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.
 
Norma’нинг ёзишича, қарор билан "Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази" ва "Рақамли иқтисодиёт тадқиқотлари маркази" давлат муассасаларининг вазифалари белгиланган.
 
Хусусан, биринчи муассасанинг асосий функциялари орасида - электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини амалга оширишда ягона технологик ёндашувни таъминлаш, шу жумладан лойиҳавий-техник ҳужжатларни комплекс экспертизадан ўтказиш. Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларида рақамли ривожланишнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш, идоралараро ахборот тизимларини, манбалар ва бошқа дастурий маҳсулотларни жорий этиш ҳам вазифалари жумласига киради.
 
"Рақамли иқтисодиёт тадқиқотлари маркази"нинг функцияларига давлат органлари ва иқтисодиёт тармоқлари фаолиятида рақамли иқтисодиётни кенг жорий этишда юзага келадиган муаммоларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва уларнинг ечимлари бўйича ҳар томонлама асосланган таклифлар тайёрлаш киради. Марказ "ақлли" ва бошқа истиқболли технологияларни, шунингдек иқтисодиётнинг турли соҳаларида катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш технологияларини жорий қилишнинг концептуал ва услубий асосларини шакллантиради.
 
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида "Бинолардан фойдаланиш ва капитал қурилиш дирекцияси" ташкил этилди, у Вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишларига буюртмачи вазифасини бажаради.
 
Марказлар ва Дирекция ходимларининг меҳнатини моддий рағбатлантириш, Вазирлик билан келишилган ҳолда, улар томонидан тасдиқланадиган тегишли низомларга мувофиқ амалга оширилади. Бунда, низомларда кўрсатилган корхоналар ходимларининг лавозим маошларига 100 фоиз қўшимча ойлик устама қўлланилиши назарда тутилади.
 
Ҳужжат 26.06.2020 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид