Ўзбекистон | 16:13 / 30.06.2020
65819
3 дақиқада ўқилади

Жиззахда яна бир киши коронавирус қурбонига айланди. Бир кун олдин унинг турмуш ўртоғи вафот этганди

Жиззахда 70 ёшли аёл коронавируснинг навбатдаги қурбонига айланди. Бир кун аввал унинг турмуш ўртоғи ҳам коронавирус туфайли ўлим топганди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинган 70 ёшли бемор ўткир миокард инфаркти, юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этгани тўғрисида хабар берди.

«Жиззах вилояти Ш.Рашидов туманида яшовчи 70 ёшли онахон Ф.О. (унинг турмуш ўртоғи, коронавирусга чалинган 72 ёшли отахон Қ.Р.нинг вафот этгани ҳақида аввал хабар берган эдик) жорий йил 20 июнь куни коронавирусга гумон қилиниб, карантинга олинган эди. 

23 июнь куни эса Жиззах вилояти юқумли касалликлар шифохонаси реанимация бўлимига ётқизилган. Унга «Юрак ишемик касаллиги, стенокардия, сурункали бронхит ва сурункали юрак етишмовчилиги, бўйин умуртқалари остеохондрози» ташхиси қўйилган.

Бемор бундан аввал, охирги 10 йил давомида юрак ишемик касаллиги, стенокардия, бўйин умуртқалари остеохондрози ташхиси билан даволаниб келган.

Беморнинг даволаниши давомида  кунлик аҳволи маҳаллий шифокорлар билан бир қаторда мамлакатимиздаги шу соҳага ихтисослашган тиббиёт муассасаларининг малакали шифокорлари томонидан ҳам назоратга олиниб, консилиумлар ўтказилган.

Сўнгги кунларда беморнинг нафас, юрак ва ўпка етишмовчилиги сабабли аҳволи кескин оғирлашиб, реанимация бўлимига олинган. 

Бироқ мутахассисларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир миокард инфаркти, ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Шу тариқа, Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 25 нафарга етди.

Шу вақтгача Тошкентда 13, Наманганда 4, Самарқандда ва Сурхондарёда 2тадан, Фарғона, Жиззах ва Бухорода биттадан ўлим рўй берганди.

Эслатиб ўтамиз, Жиззах вилоятида март-апрель ойларида қайд этилган 3 нафар бемор соғайиб, 27 апрель куни вилоят коронавирусдан холи ҳудудга айланганди. Аммо 25 июнь куни Жиззах вилоятида яна 2та янги касалланиш ҳолати қайд этилди.  29 июнь куни кун давомида вилоятда яна 5та янги касалланиш ҳолатлари аниқланди. Айни вақтда вилоятдаги шифохоналарда яна 5 бемор даволанмоқда.

Мавзуга оид