Ўзбекистон | 17:37 / 04.07.2020
5395
3 дақиқада ўқилади

Танқидга тезкор муносабат: Асакадаги 44-мактаб биносининг бир қисми хусусийлаштирилмайдиган бўлди

3 июнь куни Kun.uz`да Андижон вилояти Асака туманидаги 44-умумтаълим мактаби биносининг бир қисми хусусийлаштирилиб, тадбиркорга бериб юборилаётгани, бунга қишлоқ аҳолиси қаршилик билдираётгани ҳақида мақола ва видеолавҳа эълон қилинган эди.

Маълум бўлишича, Андижон вилояти ҳокимлиги ва вилоят халқ таълими бошқармаси муаммоли вазиятга тезкорлик билан эътибор қаратиб, масалани ҳал қилган.

Халқ таълими вазирлиги ва Андижон вилоят халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати ҳолат бўйича маълумот тақдим қилди.

«Мақолада келтирилган ҳолатлар вилоят халқ таълими бошқармасининг соҳа мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан жойида ўрганилди.

Ўрганиш натижасида, Андижон вилояти Асака тумани «Қурама» МФЙ ҳудудида жойлашган собиқ 11-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг фойдаланилмаётган бино ва иншоотлари давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат умумтаълим муассасаси ташкил этилиши ҳамда белгиланган талаблар бажарилиши шарти билан 30 йил муддатга беғараз фойдаланиш учун Халқ таълими вазирлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги ва «Аsака bilimdonlari» HTM ўртасида Битим имзоланиб, 2019 йил 30 декабрь куни 011/19-сон билан рўйхатдан ўтказилгани аниқланди.

Мазкур битимга кўра, 1 млрд 300 минг сўмлик инвестиция жалб қилиш (шундан қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 520 млн сўм, мактабни жиҳозлаш ишлари учун 480 млн 300 минг сўм) кўзда тутилган бўлиб, муассасанинг жорий йил, яъни 2020/21 ўқув йилида ишга туширилиши белгиланган.

Ҳозирги кунда тадбиркор томонидан 11-ДИМИнинг файдаланилмасдан бўш турган бино ва иншоотларида таъмирлаш ва қурилиш ишларини бошлаш учун биринчи навбатда фойдаланилмасдан турган иситиш қозонхонаси ва эски қўрғон девори бузишга киришилган. Бу эса ўз навбатида фуқаролар томонидан давлат мулки талон-тарож қилинмоқда, деган фикр билан норозилик келиб чиқишига сабаб бўлган.

Шунингдек, ўрганиш жараёнида карантин шароитлари сабабли, мазкур лойиҳага сарф қилиниши кўзда тутилган маблағларни тадбиркор томонидан киритиш имконияти йўқлиги маълум бўлди.

Ишчи гуруҳ хулосаси ва ушбу ҳудудда яшовчи фуқаролар фикрларини инобатга олган ҳолда, тадбиркорнинг розилиги билан 11-ДИМИнинг бўш турган бино ва иншоатлари 44-умумий ўрта таълим мактабига қайтариб берилади», дейилади расмий ахборотда.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид