Спорт | 19:04 / 05.07.2020
36338
16 дақиқада ўқилади

Месси яна кетмоқчими? Бу ҳақда нималар маълум

Аргентиналик футболчи билан нималар бўлмоқда, «Барселона» сардорининг келажаги бўйича қандай хабарлар тарқалди.

Фото: Getty Images

Нима бўлди?
Fox Sport телекомпаниясининг аргентиналик журналисти Кристиан Мартин «Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси «Манчестер Сити»га ўтиши мумкинлиги ҳақида хабар берди.

«Сўнгги хабарлар. Месси «Барселона»дан кетиши ва «Манчестер Сити»га ўтиши мумкин. Бу чиндан амалга ошиши мумкин. Буни Каталония ва Англиядаги манбаларим тасдиқлашди. Келишув шартлари барча манфаатдор томонларни қониқтиради», дея ёзган Мартин Instagram саҳифасида.

33 ёшли аргентиналикнинг «Барселона» билан амалдаги шартномаси 2021 йил ёзига қадар тузилган, яъни кейинги мавсум якунида муддат тугайди, янги шартнома эса тузилмаган, гарчи музокаралар кетаётган бўлсада.

Бу қанчалик жиддий?
Мартин бунгача Месси ҳақидаги инсайдлари билан машҳур бўлмаган. Аммо у ушбу футболчи «Барса»дан кетиши ҳақида ёзган ягона манба эмас. 3 июль куни Cadena Ser радиоси эфирида испаниялик журналист Ману Карреньо ҳам шу ҳақда гапирганди.

«Доимий можаролар ва клубдан ахборот чиқиб кетиши ва ўзига боғлиқ бўлмаган қарорлар Мессининг ҳиқилдоғига келган. Шартномани узайтириш бўйича музокаралар яхши бошланганди, аммо сўнгги воқеалар Мессини барчасини қайта ўйлаб кўришга мажбур қилган. Ҳозирда музокаралар тўхтаб қолган», — деган Карреньо.

Каталониядаги Sport нашри эса (бу нашр асосан «Барселона» ҳақидаги янгиликларни ёритишга ихтисослашган) жума куни клуб афсонаси Ривалдо билан қуйидаги сарлавҳали интервьюни эълон қилди: «Месси яна Гвардиола билан ишласа ажойиб бўлган бўларди».

«Агар Месси клубдан кетса, Европада ўйнашда давом этади деб ўйламайман. Аммо буни истисно қилиб ҳам бўлмайди. «Сити» Пеп билан иттифоқ тузиши мумкин, бу ажойиб бўларди. Месси 34 ёшида ҳам премьер-лигада осонлик билан ўйнаши мумкин», — деган Ривалдо.

Шу тариқа, Месси «Барса»дан кетиши ҳақидаги хабарлар ҳар жойда тарқалмоқда.

Мессига нима ёқмаяпти?
Бу йилда «Барселона»да можаролар тинмаяпти, клуб президенти Жозеп Бартомеу эса танқидлар объектига айланган, у жамоа ишончидан ҳам чиққан. Можарога ижтимоий тармоқда Бартомеу буюртмаси билан «Барселона» етакчилари ҳақида салбий постлар ва изоҳлар қолдирилаётгани ҳақидаги гаплар сабаб бўлган.

Ҳатто одатда хотиржамликни сақлаб қоладиган Месси икки марта Instagram саҳифасида икки бор баёнот билан чиқди. Биринчиси клуб спорт директори Эрик Абидалга қаратилганди, у собиқ бош мураббий Эрнесто Вальверде ишдан бўшатилганида бунга клубдаги айрим футболчилар мураббийнинг фаолиятидан норози бўлганини сабаб сифатида келтирганди.

Бу Мессини дарғазаб қилди. Дастлаб Instagram’даги саҳифасида Абидалнинг интервьюсидан парчани сториз қилиб жойлайди: «Кўплар мураббийдан норози эди ва кўп ишлашмасди». Унинг ортидан ўз норозилигини баён этади.

«Бундай футболчилар ҳақида гапираётганда аниқ исмларни келтириш керак. Агар бундай қилинмаса, барчага нисбатан туҳмат бўлиб қолади. Очиғини айтганда, менга бундай баёнотлар бериш ёқмайди. Фикримча, ҳамма ўз вазифаси учун жавобгар бўлиши керак. Ўйинчилар муаммони биринчи бўлиб ҳис этишади, чунки биз клуб ва майдонда нима бўлаётганини яхши биламиз. Раҳбарият ўз қарорлари учун масъулиятни ўз зиммасига олиши керак. Агар футболчиларни тилга олишса, у ҳолда аниқ фамилиялар билан айтишсин. Акс ҳолда бутун клуб обрўси зарар кўради. Футболчилар майдондаги ишларга жавобгар. Нимадир ўхшамаса, биринчи бўлиб ўзимиз тан оламиз», — деганди Месси.

Иккинчи можаро — коронавирус пандемияси даврида клубда маошлар қисқартирилиши ортидан юзага келган вазият билан боғлиқ. «Барселона» Испания ҳукуматига ERTE’дан фойдаланиш бўйича мурожаат қилди — махсус схемага кўра, компанияларга маълум вақтга меҳнат шартномаларини тўхтатишга ёки иш кунларини қисқартиришга рухсат берилади. Бу  эса клубнинг 1500 ходимини шок ҳолатга туширди - улар учун бу кутилмаган қарор бўлди. Худди шу вақтда маҳаллий матбуотда айрим футболчилар маоши камайишига рози бўлмагани ҳақида инсайдлар пайдо бўлди.

«Клубда бизни шу йўл билан ўзимиз шундоғам қилишни истаган ишни қилишга ундайдиган одамлар борлигидан ҳайронман. Барча футболчилар ходимларнинг барчаси ўз маошларини 100 фоиз олишини истайди», — дея ёзди Месси.

Кўринишидан, «Барселона» бошқарувидаги тартибсизлик аргентиналик футболчининг жонига теккан. Қолаверса Абидал билан зиддият вақтида COPE радиостанцияси журналисти Хуанма Кастаньо Месси клубда бўлаётган барча ишлар учун балогардон бўлишдан чарчагани ҳақида гапирганди.

«Барселона»нинг янги президенти сайловлари 2021 йилда ўтказилади. Эҳтимол, Мессининг Каталониядаги келажаги ҳам шу сайловга боғлиқ бўлади, гарчи Бартомеу қайта сайланмаса ҳам — уставга кўра бу лавозимни икки муддатдан ортиқ эгаллаш мумкин эмас.

«Сити»га ўтишга нима тўсқинлик қилади?
Аргентиналик футболчининг «Манчестер Сити»га ўтиши тарихида битта ишкал бор: инглизлар клуби икки йилга еврокубоклардан четлатилиши мумкин. УЕФА февраль ойида молиявий фэйр-плей туфайли «Сити»га шундай жазо қўллаганди. «Шаҳарликлар» Спорт арбитраж судига апелляция йўллаган, бу иш июнда кўриб чиқилган. Қарор июль ойи ўрталарида эълон қилиниши кутилмоқда.

Агар жазо ўз кучида қолса, саволлар туғилади: Месси Пепни қанчалик ҳурмат қилмасин, нега Чемпионлар клубида ўйнамайдиган клубга ўтиши керак? Қолаверса, бундай вазиятда мураббийнинг ҳам клубдаги келажаги туманли бўлиб қолади: испаниялик мутахассиснинг «Сити» билан шартномаси 2021 йил ёзигача тузилган ва ҳозирча янги шартнома ҳақида гап бўлгани йўқ. Бундан ташқари, ҳозирги келишувда Гвардиола шу ёздаёқ кетишига имкон берадиган пункт мавжуд. Мураббийнинг сўнгги интервьюларидан хулоса қилинса, кўп нарса суд қарорига боғлиқ.

Мессининг кетиши билан боғлиқ хабарлар янги шартнома имзоланиши билан якунланиши ҳам мумкин. Сўнгги йилларда ушбу футболчи бошқа клубга «кетаётгани» ҳақида кўп марта хабар тарқалган.

Лионель Месси. Фото AFP

2014. Месси ва 250 миллион евро. Англия ёки Францияга кетиш
2013 йил февралида Лионель Хави ва Карлес Пуйол ортидан «Барса» билан шартномани узайтирди — беш йилга, 2018 йил 30 июнига қадар.

«Билмадим, у 5 йилдан кейин қандай ҳолатда бўлади. Аммо бу клуб фанатлари учун ажойиб янгилик. У дунёдаги энг зўри. Ҳамиша шундайлигича қолади. У ўзини яхши ҳис қилиши учун қўлдан келганча ҳаракат қиламиз», деганди ўшанда ҳимоячи Жорди Альба.

Бир йил ўтгач Мадриддаги AS нашри, кўк-анорранглилар юлдуз футболчиси сотувидан катта пул ишлаб олмоқчи экани ҳақида хабар тарқатди. 250 миллион евро — шартномада шу миқдордаги бадал пули белгиланганди. Гўёки Лионелнинг отаси Хорхе Мессига келишувдан 10 фоизлик улуш ваъда қилгани айтилганди. Ўшанда харидор жамоалар сифатида «ПСЖ», «Челси» ва «Реал» клублари номлари келтирилганди.

Футболчи Тате Мартино бошчилигида ўтган ёмон мавсумдан кейин кетишга қарор қилганига ишониш мумкин эди. Месси ижтимоий тармоққа жойлаштирилган видеосида «уйда қолишдан бахтиёр бўлиши»ни айтган. Шу билан биргаликда «бошқа вариантларни ҳам кўриб чиқишга тайёрлиги, чунки ҳамиша энг яхши клубда ўйнашни исташи» ҳақида айтганди.

Охир-оқибат Лео клубда қолди. Испан нашрларида унинг йиллик маоши миқдори кейинги мавсумда 13 миллион евро ўрнига 20 миллион еврога ошгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Лионель Месси. Фото AFP

2015. Месси Луис Энрикедан кетади. Англия ёки Францияга
2015 йил январида газеталар Месси ва клуб бош мураббийи Луис Энрике ўртасидаги жиддий можаро ҳақидаги сарлавҳаларга тўла бўлганди. Фитналар, можаролар, муносабатларга ойдинлик киритиш. Аргентиналик футболчи бошқа клублар мухлисига айланди, ижтимоий тармоқларда бошқа клубларнинг аккаунтларига аъзо бўлди. Лео кетиши аниқдек эди. Кўк-анорранглиларнинг мухлисларига ачиниб қарай бошлашди...

«Бу биз байрамдан қайтганимизда содир бўлди. Машғулот вақтидаги қўполликдан кейин Лео ўзини бошқара олмай қолди. Вазият кескинлашди, у ва мураббий айтишиб қолди. Машғулотдан кейин Луис Энрике кийим алмаштириш хонасига келди, улар гаплашиб олишди ва зиддият барҳам топди. Бунақаси кўп жамоаларда бўлади, аммо бизда бўлган ҳолатга жуда кўпчилик эътибор қаратди, чунки биз «Барселона»миз. Зиддиятга йўл қўйилди, бу эса ҳақиқий муаммо», деганди ўшанда ҳимоячи Жереми Матье.

Аммо бунгача Месси ошқозонидаги оғриқ туфайли машғулотларни ўтказиб юборган, ОАВда эса «Челси» унинг учун 250 миллион евро тўлашга тайёрлиги ҳақида навбатдаги хабар тарқалганди. Лионель Instagram’да Лондон жамоасининг бир қанча футболчиларини «фоллоу» қилганди.

Каталонияликларнинг собиқ ҳимоячиси, кейинроқ жамоада спорт директорига айланган Эрик Абидаль 2015 йил қишида аргентиналик футболчида келажагини «ПСЖ»да давом эттириш варианти бўлгани ҳақида гапирди. Ўшанда Лионелни «Манчестер Юнайтед», «Бавария», «Реал» ва «Манчестер Сити»га ҳам «жўнатишган».

«Менга одамларга бўлаётган воқеалар бўйича ўз сўзларимни айтиш имкониятини берганингиз учун ташаккур. Ҳеч қаерга кетмоқчимасман. Бундай гаплар мен учун ёқимсиз, чунки бундай гапларни «Барселона»ни қўллаб-қувватловчи одамлар айтмоқда. Сафсатани бас қилинг», деганди Месси Barca TV эфирида.

Лионель Месси. Фото AFP

2016. Месси солиқ органларидан хафа. Англияга кетади
Англия ва Испаниядаги нашрлар аргентиналик «Туманли альбион»га кўчиб ўтиши — унинг манзили «Манчестер Сити», «Челси» ёки «Манчестер Юнайтед» бўлиши ҳақида ёзишди.

«Мен ҳамиша «Барселона»дан кета олмаслигимни айтганман. Ҳамиша шундай жавоб қайтаришда давом этаман. Фаолиятимни уйда якунлашни истайман, менинг уйим эса — Барселона. Футболда барчаси тез ўзгаради. Бир йил аввал ҳамма бизни танқид қилди. Энди эса биз деярли барча совринларни ютиб олдик. Мен фаолиятимни бошлаган жойимда, Барселонада тугатишни истайман», — деди ўшанда Месси.

Ўша йилнинг июнида Британиядаги нашрларда аргентиналик футболчи Англияга келиши ҳақида навбатдаги миш-мишлар тўлқини кузатилади. Июлда Ла Лига президенти Хавьер Тебас у ўзи ва отасига нисбатан бошланган солиқ билан боғлиқ муаммолар туфайли Испаниядан кетиши мумкинлигидан хавотир билдиради.

Каталонияликлар клуби президенти Жозем Бартомеу кузга келиб Месси янги, «абадий» шартномага имзо чекиши ҳақида гапирди. «Манчестер Сити» бош мураббийи Пеп Гвардиола ҳам Лео билан музокаралар ўтказилгани ҳақидаги хабарларни рад этди. Аммо агар у «Барса»дан кетишга қарор қилса, «Сити» унга харидорлар навбатининг бошида туриши ҳақида қўшимча қилди.

Лионель Месси. Фото AFP

2017. Месси ҳамон солиқчилардан хафа. Шартнома узоқ вақтгача узайтирилмади
Яна шу каби миш-мишлар, яна шу каби тарих. Солиқ органларининг айбловлари туфайли норозилик. Клуб раҳбарияти билан узоқ давом этган музокаралар. Шартномани узайтириш масаласи кейинга қолдирилиши. Шартнома муддати якунланишига бир йил қолган.

Ёзда муросага келинди, янги келишув уч йиллик — 2021 йилгача. Ноябрда расман тасдиқланди: аргентиналик футболчи учун бу «Барселона» билан тузилган тўққизинчи шартнома эди. Бу охиргиси бўлиб қоладими?

Лионель Месси. Фото Reuters

2018. Каталониядаги воқеалар. Яна Англия
2017 йил кузида Каталонияда мустақиллик учун референдум ўтказилди. Унда Испаниядан ажралиб чиқиш тарафдорлари ғалаба қозонишди, аммо ҳукумат натижаларни тан олмади. Шундан сўнги ҳудудни кенг кўламли норозилик акциялари қамраб олди, футбол учрашувлари қолдирилди.

Мадриддаги AS нашри «Манчестер Сити» Мессининг трансфери учун 400 миллион евро тўлашга тайёрлиги ҳақида ёзди. 2017 йил ёзида рақамлар камтарроқ эди - 300 миллион.

2018 йил январида El Mundo Deportivo нашри бир хабар тарқатди: Леонинг шартномасида у шартнома муддати тугамасидан кетиши мумкинлиги ҳақида банд бор. Текинга. Шарти Каталония Испаниядан ажралиб чиқса. Бу ҳолатда «Барса» Европадаги кучли чемпионатларда иштирок эта олмасди.

Бу вақтда 2021 йилга қадар амал қилувчи янги шартнома имзоланган, унда 700 миллион евро миқдорида бадал пули ва футболчи учун йилига 35 миллион евро (солиқлар, имиж ҳуқуқи ва реклама шартномаларидан тушадиган даромаддан ташқари) белгиланганди.

Каталония ажралиб чиқмади ва Месси ҳеч қаерга кетмади.

Лионель Месси. Фото Reuters

2019. Шартномадаги алоҳида банд. Англия ёки МЛС
2019 йил ёзи ва кузида дунёдаги энг кучли футболчи ҳақида «энг аниқ ва энг ишончли» маълумот берувчи инсайдерлар яна «уйғонишди».

El Pais нашри шундай хабар тарқатди: аргентиналик футболчи билан шундай шартнома тузилганки, у исталган мавсум сўнггида шартномани бир томонлама бекор қилиш ҳуқуқига эга. Унинг номини «Манчестер Сити» билан боғлашдан чарчаган Британиядаги нашрлар Лионелга Дэвид Бекҳэм океанортида асос солган «Интер Майами» клубидан қизиқиш мавжудлиги ҳақида ёза бошлашди.

А Bola Бартомеудан иқтибос келтирди, унга кўра бундай банд «Барса»нинг фахрий футболчиларининг барчасининг шартномаларида бўлган — Андреса Иньеста, Хави ва Пуйолда: «Биз бундан ташвишда эмасмиз, уларнинг барчаси клубга садоқатли бўлишганди. Биз Мессига ҳам бошқача шартнома таклиф қилолмасдик».

Месси МЛСга кетмади. Англияга ҳам.

Лионель Месси. Фото Reuters

2020. Шартномадаги алоҳида банд ва чарчоқ. Яна Англия варианти
Эрнесто Вальверде ишдан бўшатилди, Хави билан музокаралар бўлиб ўтди, аммо мураббийликка Кике Сетьен олиб келинди. Кейин Месси ва Абидал ўртасида зиддият бўлиб ўтди. Фитналар, можаролар ва ОАВдаги жуда кўп негатив.

Шу йил февралида навбатдаги «янги» маълумот пайдо бўлди: аргентиналик футболчи «Барса» билан боғлиқ ва «Барса»даги барчадан норози. ОАВда «Манчестер Сити», «Манчестер Юнайтед», «ПСЖ», «Ювентус» ва «Интер» номлари айлана бошлади. Британ нашрлари қаторига La Gazzetta dello Sport ҳам қўшилди.

Лекин кўпчилик фақат испан тилини биладиган, ўзини Каталонияда жуда яхши ҳис қиладиган ва Каталонияда оиласи учун қулай шароит яратиб олган футболчи қандай қилиб бошқа мамлакатда, айниқса Англияда мослашиб кетиши мумкинлигига ҳайрон.

Мартда янги «сенсация» чиқди: Агар «Барса» Неймарни қайтармаса, Месси кетади. Кейин коронавирус пандемияси туфайли юлдуз футболчининг келажаги ҳақидаги гаплар узилиб қолди.

Аммо яқинда фаолиятидаги 700-голини урган Лео ҳақида яна шов-шувли хабарлар тарқала бошлади: шартномани узайтириш ва ҳисоб бўйича ўнинчи шартномани имзолаш бўйича музокаралар тўхтаган.

Мавзуга оид