Ўзбекистон | 21:11 / 07.07.2020
35335
2 дақиқада ўқилади

Андижон вилоятида раҳбарларга ҳар ҳафта кўк ва қизил нишонлар тақиладиган бўлди

Андижон вилоятида давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ишдаги натижаларига қараб кўкрак нишони билан тақдирланадиган бўлди.

Фото: auz.uz

«Auz.uz» сайти хабарига кўра, вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг ошкоралик ва шаффофлик бўйича ташаббуси доирасида шундай амалиёт жорий қилинган.

«Бу душанба кунлари ўтказиладиган ҳокимлик соатида аниқланади. Оқсоқликка йўл қўйган шаҳар, туман ёки ташкилот каттасининг кўксига шу ернинг ўзида қизил рангли нишон тақилади. Топшириқни дўндирганларга эса кўк рангли нишон топширилади», – дейилади хабарда.

Фото: Auz.uz

Қўшимча қилинишича, нишон олганлар йиғилишдан чиқиб журналистлар орқали халқ олдида ҳисоб беради.

6 июль куни ўтказилган «Ҳокимлик соати»да янги ташаббус амалиётда илк бор қўлланган.

Фото: Auz.uz

«Улуғнор ва Олтинкўл туманлари ҳокимлари Дониёрбек Махсудов ва Назиржон Ўринбоев «Масъулиятсиз раҳбар» нишонини олиш бўйича «пешқадам» бўлишди. Ташкилотлар орасида вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Зуфарбек Юлдашев ва вилоят санитария-эпидемиология осойишталиги маркази раҳбари Дилмурод Набиевга шундай баҳо берилди.

Андижон шаҳри ҳокими Баҳромжон Ҳайдаровга учта йўналиш бўйича қўлга киритган кўрсаткичлари учун 3 марта яшил нишон топширилди. Марҳамат ва Хўжаобод туманлари ҳокимлари Бобиржон Юлдашев ва Отабек Расулов эса икки бора шундай эътирофга сазовор бўлдилар. Марказий банк вилоят бошқармаси бошлиғи Элёр Усмонов ҳам икки бор «Масъулиятли раҳбар» нишони берилди», – деб маълум қилинган манбада.

Фото: Auz.uz

Қайд этилишича, 3 ҳафта давомида бир неча қизил нишон олган раҳбарлар масаласи алоҳида кўриб чиқилиши таъкидланган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид