ЖССТ Хитой ва Мўғулистондаги қора ўлат ўта хавфли эмаслигини маълум қилди
6 июль куни Хитойнинг Ички Мўғулистон мухтор туманидаги чорвадорда қора ўлат қайд этилди.
Хитой ва Мўғулистондаги қора ўлат билан боғлиқ вазият юқори даражада хавф туғдирмайди, деб маълум қилди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ).
"Айни вақтда юқори даражадаги хавф мавжуд деб ҳисобламаймиз, аммо вазиятни диққат билан кузатмоқдамиз", - деди ЖССТ вакили Маргарет Харрис.
Унинг сўзларига кўра, ЖССТ бу масала бўйича Хитой ва Мўғулистон ҳукуматлари билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.
Харриснинг айтишича, бу касалликдан "даволаш осон кечади".
"Қора ўлат ҳамиша бўлган ва асрлар давомида биз билан қолади", - деб қўшиб қўйди у.
6 июль куни Хитойнинг Ички Мўғулистон мухтор туманидаги чорвадорда қора ўлат қайд этилди.
Шу муносабат билан ҳудудда биологик хавфлиликнинг учинчи даражаси эълон қилинган ва у 2020 йил охиригача амал қилади.
Бундан аввалроқ қора ўлатга чалиниш ҳолатлари Мўғулистон ғарбида қайд этилганди. Бу ерда ушбу касалликка икки киши чалинган. Маҳаллий ҳокимият хавотирга ўрин йўқлигини айтган.