Ўзбекистон | 23:01 / 08.07.2020
15618
3 дақиқада ўқилади

«Ҳозир ҳеч кимга осон эмас» — вазир ўринбосари ва депутат карантинда аҳолининг ижтимоий ҳимояси ҳақида

8 июль куни АОКАда Махсус комиссиянинг карантинни кучайтириш ҳақидаги қарори юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда эпидемиологик вазиятга доир савол-жавоблар билан бирга карантин даврида аҳолининг ижтимоий ҳимояси мавзуси ҳам кўтарилди.

Анжуманда мутасаддиларга қуйидаги савол билан мурожаат бўлди.

«Одамларни пандемияга қарши курашда бирлашишга чақиряпмиз, аммо ишсиз ўтирган одамлар бирлашиш учун ресурсни қаердан олсин? Ижтимоий ҳимоясиз, давлатнинг ёрдамисиз қолганлар кўп. Давлатлар ўз фуқароларига турли ҳажмдаги компенсация маблағларини тўлади. Аммо бизда давлат фуқароларга ҳеч нарса тўлаб бергани йўқ. Қўнғироқ қилиб боғланишнинг имкони бўлмаган марказни беришди. Унга биринчи куниёқ жуда кўплаб уринишлар билан ҳам туша олмаслик ҳоллари бўлди. Кейинчалик ташкил қилинган жамғарма ишида коррупция ҳолатлари аниқлангани айтилди. Ишсиз, давлатнинг ёрдамисиз қолаётган аҳоли 1 августгача қандай яшаши керак?»

Саволга жавобан Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова жамиятни мавжуд қийинчиликларга қарамай коронавирусга қарши курашда бирлашишга чақирди.

«Айтиб ўтганимдек, мен ҳудудларда бўлганимда вазият оғирлигига гувоҳ бўлдим. Биз мана шу оғир вазиятни енгиллаштириш учун манзилли ишлаяпмиз. Тўғри, ҳаммага ҳам ёрдам беришга улгураётганимиз йўқ. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам, жамият бирлашишимиз кераклиги ҳақидаги чақириқни қабул қилиши керак. Шунингдек, журналистлар ҳам.

Пандемиядан кейин ҳар бир одам ўзгариши керак. Бошқача яшашга ўрганишимиз керак, дунё бошқача яшашни ўрганиши керак. Карантиннинг барча қоидаларига аниқ амал қилмасдан вазиятдан чиқиб кета олмаймиз», дея Боситхонованинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, профессор Ҳабибулло Оқилов кўтарилган масала ҳақиқатан ҳам жуда мураккаблигини таъкидлаган ҳолда, матбуот анжуманида жамланган спикерлар ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича саволларга жавоб беришга ваколатли эмаслигини билдирди.

«Ҳозир ҳақиқатан ҳам мамлакатда ҳеч кимга осон эмас – раҳбариятга ҳам, шифокорларга ҳам, аҳолига ҳам. Ҳаммага оғир. Бутун дунёда аҳвол шундай.

«Темир дафтарлар», кам таъминланган одамларни рўйхатга олиш – барчаси ишлаяпти. Мен депутат сифатида шуни айта оламанки – биз кенгаш йиғилишларида ҳам бу масалаларни муҳокама қиламиз – аҳоли орасида турли тушунчалар бор: айрим ҳолларда қўлига карта берилса, пул тугагач, нега пул тушмаяпти, дейиш бошланади. Ҳаммада ҳар хил кайфият.

Аммо бугун бу ерга бу масалани муҳокама қилгани йиғилмадик. Бугун фақат битта нарса – соғлиқни сақлаш тизими бугунги кунда қандай аҳволга келганини айтиб, «дастурхонни очиб ташладик» – барча муаммоларни олдингизга қўйдик. Агар бугун аниқ чораларни кўрмасак, эртага олдимиздаги вазифаларни уддалай олмай қоламиз.

Ҳеч ким осон бўлишини ваъда қилгани йўқ. Пандемия – кўпга келган тўй», – деди Оқилов.

Мавзуга оид