Навоийда коронавирусдан вафот этган бемор ҳақидаги маълумот нега кечикканига изоҳ берилди
Республика ихтисослаштирилган Эндокрионология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Анвар Олимовнинг сўзларига кўра, Махсус комиссиянинг қарори бўйича 5 июлгача бўлган муддатда ҳар бир касалликнинг ташхисини тасдиқлаш Тошкент шаҳридаги референс лабораториядан ўтмагунича рўйхатга олинмаган. Рўйхатга олинганларнинг тузалганидан сўнг таҳлили худди шу лабораторияларда тасдиқланмагунича касаллар рўйхатидан чиқарилмаган.
«5 июлдан махсус комиссия қарори билан коронавирус ташхисини тасдиқлаш учун вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази раҳбарига ПЗР аппарати жавобига қараб, ташхис қўйиш ваколати берилди. Касалларнинг тузалиш ҳолатига қараб, соғайганлар рўйхатига киритиш ҳам вилоят ваколатига ўтказилди.
Тўғри, шу 2 кун ичида Навоий вилоятида қайд этилган ўлим ҳолатини эълон қилиш кечикди. Чунки Зарафшон шаҳридаги ПЗР аппаратига таҳлил натижалари асосида ҳам ташхисларни тасдиқлаш имкони мавжуд бўлди.
Бундан ташқари, 2 кун ичида Навоий вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг раҳбари ҳам алмашди. Шунинг учун статистикани эълон қилишда кечикиш кузатилди», деди Анвар Олимов шу ҳақдаги саволга жавобан.
ССВ қошидаги штаб аъзоси Ҳабибулло Оқилов коронавирусдан вафот этаётгани эълон қилинаётганларнинг ҳаммаси фақат вирус туфайли вафот этмаётганини қўшимча қилди.
«Айнан соппа-соғ одам коронавирус юқтириб олиб, шу туфайли вафот этганлар 3-4 нафардан ошмади. Вафот этаётганларнинг аксари сурункали касалликлари бор, ортиқча вазнли ёки эндокринологик муаммолари, қандли диабет каби касалликлари бор кишилардан иборат. Улар вирус юқтириб, инфаркт ёки бошқа ташхис билан вафот этишмоқда.
Яна бир ҳолат борки, инфаркт туфайли вафот этган бемордан вирусга ҳам таҳлил олиниши ва унинг натижаси чиққунча вақт ўтиши мумкин», деди Ҳабибулло Оқилов.
Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда 6 июль куни Навоийда коронавирус беморларидан бири вафот этгани ҳақида хабар тарқалди. Кўп ўтмай Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов вилоят аҳолисига мурожаатида бу маълумотни тасдиқлади. 7 июль куни вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати ушбу ўлим ҳақида расман хабар берди. Бу хабар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан кун охирига бориб тасдиқланди.
Мавзуга оид
12:16 / 01.11.2024
Навоийда одамлар даромадини кўпайтириш масаласи кўриб чиқилди
21:27 / 31.10.2024
Навоий давлат университети ташкил этилди
21:16 / 31.10.2024
Президент Навоий вилоятида йирик ва стратегик лойиҳалар билан танишди
16:28 / 31.10.2024