Ўзбекистон | 23:37 / 08.07.2020
40078
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда бир кунда коронавирусдан 5 ўлим ҳолати қайд этилди

Тошкентда 29 июнь коронавирусга чалингани қайд этилган 72 ёшли бемор 8 июль куни вафот этди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкентда 72 ёшли бемор коронавирусдан вафот этгани ҳақида хабар берди.

«Миробод туманида яшовчи 72 ёшли Л.С. (аёл) 29 июндан 1-сон Республика клиник шифохонасида Covid-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмониянинг ўта оғир кечиши, нафас етишмовчилигининг 3-даражаси, сурункали юрак қон-томир етишмовчилиги ташхиси билан даволаниб келган.

Шунингдек, бемор бундан аввал юрак ишемик касаллиги, зўриқувчи стенокардия, гипертония касаллигининг 3-даражаси, қандли диабетнинг 2-тури (инсулинга муҳтож), диабетик нефропатия, ангиопатия, ретинопатия, полинейропатия, ёғли гепатознинг 2-даражаси, сурункали панкреатит билан даволаниб юрган ва назоратда турган.

Динамикада беморнинг ҳолати оғирлашганлиги сабабли 4 июль куни у Вирусология илмий-текшириш институти клиникасига ўтказилган. Клиникада бемор бир неча марта Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари томонидан консультация қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.

Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан бемор ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Шу тариқа бугун Ўзбекистонда коронавирус туфайли жами 5та ўлим ҳолати қайд этилди ва бу коронавирус пандемияси давридаги энг юқори кўрсаткичдир. Кун давомида Тошкентда 3, Қорақалпоғистон ва Навоийда биттадан ҳолат қайд этилди ва жами ўлим ҳолатлари сони 45тага етган.

Шу вақтгача Тошкентда 27, Наманганда 4, Самарқандда 3, Бухоро, Сурхондарё, Жиззах ва Навоийда 2тадан, Фарғона, Қашқадарё ва Қорақалпоғистонда биттадан ўлим рўй берди.

Мавзуга оид