Ўзбекистон | 18:31 / 09.07.2020
40555
3 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда такси фаолияти ҳам тақиқланиши мумкин, Китобдаги пост тўлиқ ёпилади — Зойир Мирзаев вилоят аҳлига мурожаат қилди

Бугун, 9 июль куни Коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Қашқадарё вилояти махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Йиғилишда вилоят ҳокими – вилоят махсус комиссияси раиси Зойир Мирзаев вилоят аҳолисига мурожаатини ўқиб эшиттирди.

Ҳокимнинг сўзларига кўра, Қашқадарёда коронавирус юқтириб олганларнинг 30 нафарида эпидемиологик занжир бир шифокор билан боғлиқ.

«Касби шифокор бўлган фуқаромиз карантин талабларига риоя этмаган ҳолда жорий йилнинг 24 июнь куни қариндошиникида оилавий тадбирда ва депутатлар билан учрашувда иштирок этиб, 30 нафар фуқарога вирус юқишига сабаб бўлди», – дея Зойир Мирзаевнинг сўзларини келтирмоқда ҳокимлик ахборот хизмати.

Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Мирзаев ўз мурожаатида 10 июлдан 1 августгача Ўзбекистон миқёсида қатъий карантин жорий этиш бўйича Республика махсус комиссияси қарори талабларига тўхталиб ўтди.

Унинг қайд этилишича, ушбу муддатда Қашқадарёда йўловчи ташиш фаолияти ҳам тўхтатилиши мумкин.

«Йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиш лицензиясига эга бўлган йўналишсиз таксилар фаолиятига махсус талаблар асосида фақатгина автотранспорт воситаси давлат рўйхатидан ўтказилган ҳудуд доирасида (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида) ҳаракатланишга рухсат берилади. Бунда фақатгина икки нафар йўловчиларни автотранспорт воситаси салони орқа ўриндиғига ўтказилиши керак.

Агар Республика махсус комиссияси талаблари бажарилмаса, вилоят махсус комиссияси қарори билан йўловчи ташиш фаолияти 1 августга қадар тўлиқ тўхтатилади», – деди Қашқадарё вилояти ҳокими.

Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Зойир Мирзаевнинг айтишича, оромгоҳларда ёзги таътилда дам олаётган болаларнинг барчаси эртагаёқ уйига қайтарилади.

8 июль куни вилоятда коронавирусга чалинганлар сони кескин ўсган, 161та янги ҳолат аниқланиб, улардан 34таси аҳоли орасидан чиққан эди. Вилоят раҳбари қолган 127 киши «Интер инжиниринг» компанияси ходимлари («Uzbekistan GTL» заводи қурилишида ишлаётган) эканини маълум қилди.

Ҳоким топшириғи билан, Қашқадарёга кириб келадиган Китоб тумани  «Мингчинор» пости тўлиқ ёпиладиган бўлди.

Қайд этилишича, «Қашқадарё ТВ»да ҳар куни соат 19:30да масъуллар иштирокида брифинглар ташкил этиб борилади. 10 июль кунги илк брифингда вилоят ИИБ ЙҲХБ ва вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарлари чиқиш қилади.

Вилоят комиссияси қарорига асосан, 1 августгача Қашқадарёда умумий овқатланиш объектлари (ресторан, кафе, ошхона, чойхона) фаолияти тўхтатилади, етказиб бериш (кейтеринг) хизмати бундан мустасно.

Шунингдек, йўл бўйида, кўчаларда, аҳоли гавжум жойларда ўрик шарбати, квасс, морс ва чалоп, юриб музқаймоқ ва яхна ичимликлар, писта, тамаки маҳсулотлари (доналаб) ҳамда пишган озиқ-овқатларни сотиш қатъиян тақиқланади.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид