Ўзбекистон | 22:00 / 10.07.2020
18062
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистонда аксарият оилалар ижтимоий ҳимояга эга эмас» – халқаро эксперт 

Жаҳон банки мутахассиси Ўзбекистонда оилаларнинг аксарияти ижтимоий ҳимоянинг биронта ҳам шаклига эга эмаслигини таъкидлаб ўтди.

“Тараққиёт стратегияси” марказида давлат дастурининг ижтимоий соҳадаги устувор йўналишларида белгиланган асосий бандлар ижроси муҳокамасига бағишлаб ўтказилган онлайн давра суҳбатида Жаҳон банкининг ижтимоий ҳимоя бўйича эксперти Марина Новикова Ўзбекистондаги ижтимоий ҳимоя тизимидаги муаммоларни санаб ўтди.

“Мамлакатда оилаларнинг аксарияти ижтимоий ҳимоянинг бирон шаклига ёки бандликни таъминлаш бўйича ёрдамга эга эмас. Нархлар либерализацияси, субсидияларнинг бекор қилиниши натижасида харид қобилияти паст бўлган камбағал оилалар сони ошган.

Меҳнат бозоридаги фаол дастурлар нисбатан янги бўлиб, қамрови катта эмас, бандликка кўмаклашиш марказларининг имкониятлари чегараланган. Дастурларнинг самарадорлигини баҳолаш мониторинг тизими мавжуд эмас.

Ижтимоий ҳимоя билан шуғулланувчи давлат идоралари координациясининг пастлиги, меҳнат бозорида аёллар иштирокининг қониқарсизлиги кузатилади”, дея мутахассиснинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шунингдек, Марина Новикова коронавирус пандемиясининг таъсири Ўзбекистондаги ижтимоий ҳимоя тизимига қандай бўлиши мумкинлигини баҳолади.

“Коронавирус пандемияси оқибатида Ўзбекистонда аҳолининг харид қуввати пасайиши, баъзи соҳаларда даромад кўрсаткичларининг қисқариши ва ишсизлик даражасининг ошиши кузатилади.

Шунингдек, халқаро пул ўтказмаларининг қисқариши, меҳнат ресурсларининг квалификациясини ошириш масаласининг қийинлашиши юзага келади.

Таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва бандлик масалалари ўртасида ўзаро алоқанинг йўқлиги ижтимоий ҳимояни тизимли кўрсатишда муаммоларни келтириб чиқаради”, деди Новикова.

Мавзуга оид