Жамият | 21:48 / 11.07.2020
38522
6 дақиқада ўқилади

Бухорода университет ўқитувчиси, Қашқадарёда коллеж директори ўринбосари қўлга олинди

Бош прокуратура матбуот хизмати маҳкама ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти томонидан сўнгги кунларда аниқланган жиноятлар ҳақида Kun.uz'га маълумот берди.

Фото: Dreamstime

Қашқадарёда коллеж директори ўринбосари фирибгарлик билан қўлга тушди

Китоб туманидаги касб-ҳунар коллежи директори ўринбосари О.Э. фуқаро Д.нинг фарзанди С.нинг дипломини қайта ёзиб бериш ҳамда иккинчи фарзанди Н.га ушбу коллежни тугатгани ҳақида диплом ёзиб бериш эвазига фирибгарлик йўли билан 650 минг сўм талаб қилиб, шундан, 300 минг сўмни қўлга киритиб, қолган 350 минг сўмни олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан О.Э.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси ва 28, 211-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Тезкор тадбир Департаментининг Китоб туман бўлими томонидан ўтказилган.

 

Бухоро давлат университети ўқитувчиси жиноят устида ушланди

Бухоро давлат университети ўқитувчиси Ш.Қ. танишлари орқали фуқаро Г.ни мазкур университетга ўқишга киритиб қўйиш эвазига 4 000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Ҳолат юзасидан Ш.Қ.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми ва 28, 211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Тезкор тадбир Департаментнинг Бухоро вилояти бошқармаси томонидан ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган.

 

Фарғонада сохта диплом тайёрлаб берган ўқитувчилар қўлга тушди

Олтиариқ туманидаги мактаб ўқитувчилари З.З., М.Й. ва Р.Ю.лар олдиндан тил бириктириб, фуқаро М.нинг ишончига кириб, унга тикувчилик йўналиши бўйича Олтиариқ туман агросаноат коллежини тамомлагани ҳақидаги сохта дипломни тайёрлаб бериш эвазига 500 АҚШ долларини олишган вақтида ашёвий далил билан ушланганлар.

Шунингдек, тадбир жараёнида фуқаро М.Й.нинг ёнида 2та тўлдирилмаган дипломлар мавжудлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.

Ҳолат юзасидан З.З., Р.Ю. ва М.Й.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси ва 228-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Тезкор тадбир Департаментнинг Олтиариқ туман бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган.

 

Никоҳни бекор қилиш масаласини ҳал қилиб бериш эвазига фуқаронинг 1 300 АҚШ долларини қўлга киритган фирибгар ушланди

Самарқанд туманида фуқаро А.С. фуқаро Н.га турмуш ўртоғи билан никоҳини бекор қилиш ва вояга етмаган ўғли билан учрашиб туриш масаласини фуқаролик ишлари бўйича судлардаги танишлари орқали ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 1300 АҚШ долларини қўлга киритгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан А.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми ва 28, 211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Терговга қадар текширув Департаментнинг Самарқанд туман бўлими томонидан ўтказилган.

 

Қашқадарёда симоб моддасини пуллаётган шахслар ушланди

Департаментининг Чироқчи туман бўлими томонидан ДХХ ҳамда ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Ш.У. фуқаро Х.га 625 грамм симоб моддасини 3 000 АҚШ долларга сотган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Шунингдек, симоб моддасини муомалага киритган шахсларни аниқлаш мақсадида, фуқаро Ш.У.нинг кўрсатувларига асосан тезкор тадбир давом эттирилганда, Қарши туманида яшовчи таниши Х.Б. Ш.У.га яна 50 грамм симоб моддасини 900 минг сўмга сотган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Ш.У. ва Х.Б.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 185-1-моддаси ва 251-1-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

 

Тошкентда 2 тонна этил спиртининг ноқонуний муомалага киритилишининг олди олинди

Департаментнинг Учтепа тумани бўлими ўтказган тезкор тадбирда, «D.» хусусий корхонаси раҳбари М.Н. уч нафар фуқаро билан олдиндан тил бириктириб, қўлбола усулда «антисептик» маҳсулоти ишлаб чиқариш учун мўлжалланган 2 тонна этил спирти ҳамда 1 тонна хлорни 57,3 млн сўмга харидор Х.га сотган вақтида ашёвий далил билан ушланганлар.

Шунингдек, тадбирда ушбу спирт ва хлорни «D.» ХКдан дезинфекция станциясига олиб кетилаётгани ҳақида қалбаки ҳисоб-фактура ашёвий далил сифатида олинган.

Ҳолат юзасидан «D.» ХК раҳбари М.Н. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 186-1-моддаси 2-қисми ва 228-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

 

Чилонзорда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини ноқонуний муомалага киритилишининг олди олинди

Тошкентда «K.» МЧЖга қарашли дорихона раҳбари А. 14 дона «Regapen» кучли таъсир қилувчи дори воситасини харидорга 560 000 сўмга сотган вақтида ушланган.

Дорихонада ноқонуний муомалага киритиш мақсадида сақланаётган умумий қиймати 46 млн сўмлик 905 дона «Regapen» номли дори воситаси ашёвий далил сифатида олинган.

Ҳолат юзасидан А.га нисбатан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Тезкор тадбир Департаментнинг Чилонзор туман бўлими томонидан Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган.​

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид