Ўзбекистон | 23:51 / 11.07.2020
22809
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистондан қайтаётганлар меҳмонхона ёки карантин ҳудудига олиб борилмоқда

Биз айни дақиқаларда Ўзбекистон-Қозоғистоннинг энг йирик чегара ўтказув пункти – Ғишткўприкдамиз. Бу ерда карантингача бўлган даврда кунига ўртача 15-25 минг киши ўтган. 16 мартдан Ўзбекистонда карантин чоралари жорий қилингач бу рақам пасайди. 

Биз ўзбекистонликларнинг чегара пунктидан ўтиш жараёнлари билан кеча ҳам, бугун ҳам танишдик. Куни кеча 400 га яқин киши чегарани кесиб ўтган бўлса, бугун  айни дақиқаларгача 350 дан ортиқ фуқаро чегарани аллақачон кесиб ўтган. 

Уларнинг барчаси даставвал дезинфекция тўсиғидан ўтгач, тана ҳарорати ўлчанмоқда. Ҳарорати меъёрида бўлганлар паспорт назоратидан ўтиб, божхона текшируви нуқтасига келишмоқда. 

Ҳарорати юқори бўлган фуқаро қайд этилса, у билан батафсил суҳбат ўтказилади, ҳарорати сабабини аниқлашга ҳаракат қилинади ҳамда тез ёрдам воситасида шифохонага етказилади. 

Биз Қозоғистондан Ўзбекистонга қайтаётган ватандошлар билан ҳам мулоқот қилдик. 

Бизга маълум қилишларича, фуқаролар марказлашган равишда автобусларда Йўл-патрул хизмати ва Миллий Гвардия ходимлари ҳамроҳлигида Зангиота туманидаги Ўртасарой карантин ҳудудига жойлаштирилади.  

Шу билан бирга, автокарвон келгунча, фуқароларга тушлик учун иссиқ овқат етказиб берилмоқда. Айни дақиқаларда Тошкент тумани ҳокимлиги томонидан таомлар олиб келинганига гувоҳ бўлиб турибмиз. 

Шу ўринда бир мулоҳазани билдирмоқчи эдим. Хабарингиз бор, бир неча кун аввал, ижтимоий тармоқларда айни чегарада 4 мингга яқин фуқаро тўпланиб қолгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бизга айтишларича, Қозоғистонда санитария-эпидемиологик ҳолат кескинлашгани боис, ўзбекистонликлар ватанга қайтишга қарор қилган ва уларнинг сони кескин ошиб кетган. 

Бу ҳам майли, воқеанинг эътиборингизни қаратмоқчи бўлган жиҳати шундаки, токи давлат раҳбарининг ўзи топшириқ бермагунча, президент эътибор қаратмагунча, наҳотки, бошқа масъуллар бу масалани мустақил равишда ҳал қила олмас эди?!

Ҳар бир масала давлат раҳбари буйруғи билан бажарилса, давлат раҳбари топшириқ бермагунча, айни масалага мутасадди бўлганлар мустақил қарор чиқариш масъулиятини зиммасига олмаса, муаммолар қачон ҳал бўлади? Ахир, давлат раҳбарининг бошқа шуғулланадиган муаммолари ҳам кўп эмасми?

Балки карантин ҳудудда жой бўлмаса, ёки шайланиши кечикаётган бўлса, шу хизматга масъуллар ОАВ орқали чиқиш қилиб, вазиятни тўғри тушунтиришса, бир-икки кун сабр қилинса, барчаси жойига тушиши айтилса, чегарада тўпланиб қолганга, хозиргина гувоҳи бўлганимиздек, марказлашган равишда таомлар келтириб турилса, олам гулистон бўлмайдими?

Ўйлаймизки, сўнгги ойларда бошимиздан ўтказаётган синовлар халқ ва давлат бирлашишига, бир куч бўлишига омил бўлади. 

Мавзуга оид