Вазирлик Балиқчида боғча мудираси ўлими билан боғлиқ воқеани ўрганди. Туман МТБ мудири ишдан олинди
Мактабгача таълим вазирлиги Андижон вилояти, Балиқчи туманидаги 11-сонли мактабгача таълим ташкилотининг собиқ раҳбари ўз жонига қасд қилиши воқеаси юзасидан расмий муносабатини эълон қилди.
Маълум қилинишича, Мактабгача таълим вазири буйруғига кўра тузилган ишчи гуруҳ Балиқчи тумани мактабгача таълим бошқармаси (МТБ) фаолияти ҳамда ушбу тумандаги 11-сонли мактабгача таълим ташкилоти (МТТ) раҳбари Г.Хўжақулованинг ўз жонига қасд қилиши туфайли ўлими ҳолатини ўрганган. Ўрганиш натижаларига кўра, боғчада қурилиш-таъмирлаш ишлари вақтида бюджет маблағлари ўзлаштирилгани аниқланган, туман мудири ишдан олинган.
«Жорий йил 4 май куни соат 15:00да 1967 йил туғилган Г. Хўжақулова яшаб турган манзилида ўз жонига қасд қилган, тан жароҳати олган ва шифохонага ётқизилган. Шифокорлар томонидан унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун қилинган ҳаракатларга қарамай, 17 май куни шифохонада вафот этган.
Г.Хўжақулова Балиқчи туманидаги 11-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида 11.11.2010 йилдан буён мудира лавозимида ишлаб келган.
Балиқчи тумани прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувга кўра, марҳума Г.Хўжақулова соғлиғи ҳамда иши билан боғлиқ муаммолар туфайли руҳий ҳолатидаги ўзгаришлар натижасида ўз жонига қасд қилгани аниқланган. Туман прокуратураси томонидан тайинланган суд психиатрик-психологик экспертизаси хулосасида кўрсатилишича, бу салбий ҳолатга ички қалбий зиддиятлар натижасидаги ҳиссий ҳаяжон туртки бўлган, унинг натижасида юзага келган ҳиссий беқарорлик жонига қасд қилиш ҳолатига туртки бўлган бўлиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.
Экспертиза хулосаси асосида туман прокуратураси томонидан ушбу ҳолат бўйича тегишли қарор қабул қилинган.
Мактабгача таълим вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан олиб борилган текширув хулосасига кўра, Балиқчи тумани МТБ раҳбари С.Хонкелдиеванинг ўз хизмат вазифасига масъулият билан ёндашмаганлиги натижасида МТБда носоғлом муҳит юзага келган.
Шунингдек, текширув давомида Балиқчи туманидаги 11-сонли давлат МТТда қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб борган «Милано қурилиш» МЧЖ раҳбари Н.Расулов томонидан расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар киритилиб, қалбаки ҳужжатлардан фойдаланиш орқали бюджет маблағлари ўзлаштирилгани, қурилиш-таъмирлаш ишларининг ўзи сифатсиз бажарилгани аниқланди.
Аниқланган ушбу ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан жиноий иш қўзғатилган.
Шунингдек, ишчи гуруҳ, Балиқчи тумани МТБсида ишлар тизимли йўлга қўйилмагани, раҳбар хизмат вазифаларини лозим даражада бажармагани, идоравий назорат сусайтириб юборилгани ва натижада аҳоли орасида мактабгача таълим тизимига нисбатан норозилик кайфияти пайдо бўлганини аниқлади.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда Андижон вилояти, Балиқчи тумани МТБси мудири С.Хонкелдиева билан тузилган меҳнат шартномаси 2020 йил 26 июнь куни бекор қилинди.
Мактабгача таълим вазирлиги марҳум Г.Хўжақулованинг қизи ва оила аъзоларига унинг ўлими муносабати билан ҳамдардлик билдиради», дейилади вазирлик муносабатида.
Эслатиб ўтамиз, 15 май куни Kun.uz'да «Андижон вилоятида ишини йўқотган боғча мудираси ўз жонига қасд қилди» сарлавҳали суриштирув эълон қилинган ва унда Балиқчи тумани 11-мактабгача таълим муассасаси мудираси Гулчеҳра Хўжақулова яшаш хонадонида ўзини осгани ҳақида хабар қилинганди. Кейинчалик 17 май куни Гулчеҳра Хўжақулова касалхонада вафот этгани маълум бўлган.
Мавзуга оид
10:40 / 27.10.2024
Андижон вилояти Балиқчи туманида бир оиланинг 70 аъзоси бирга сайловга келди
17:56 / 22.08.2024
Балиқчи тумани ҳокими ўринбосари қамоққа олинди
18:57 / 25.08.2023
Балиқчи туманидаги бозорда ёнғин чиқди (видео)
17:53 / 01.08.2023