Жаҳон | 23:03 / 13.07.2020
23320
3 дақиқада ўқилади

Лифтда ёлғиз кетган аёл 71 кишининг коронавирусга чалинишига сабабчи бўлди

АҚШдан Хитойга қайтган аёлнинг лифтда бир дақиқа ўтказиши 71 кишининг коронавирусга чалинишига олиб келди.

Бу ноодатий ҳодиса ҳақида АҚШнинг касалликлар назорати ва профилактикаси маркази ходимлари сўзлаб беришди. АҚШда коронавирусга чалинган аёл 19 март куни Хитойга қайтган. Аёлда касаллик аломатсиз кечган, коронавирусга топширган таҳлили эса манфий натижа берган. Шунга қарамай, аёл 2 ҳафтага ўз уйида яккаланган ва ташқи дунё билан ҳар қандай алоқани тўхтатган.

Аёл барча карантин қоидаларига амал қилганига қарамай, вирус тарқатувчисига айланган ва қўшнилари ҳамда бошқа кишиларнинг зарарланишига сабабчи бўлган. Бу эса аёлнинг лифтда бир дақиқа якка ўзи кетганидан кейин юз берган. 

Хитой ОАВнинг ёзишича, апрелда Хитойда коронавирус эпидемияси заифлаша бошлагач, Хэйлунцзян провинциясида кўплаб касалланиш ҳолатлари қайд этилган. Иккита шифохонага 70 дан кўпроқ киши келтирилган. Мутахассислар вирусга чалинганлар алоқаларини ва вирус манбасини аниқлаш мақсадида юз берган ҳодисани тафтиш қила бошлашган.

Аниқланишича, аввалроқ шифохонага коронавирусга чалиниш асоратлари оқибатида инсултга учраган бир киши келтирилган. У палатада коронавирусга таҳлили натижасини кутиш вақтида 20 га яқин кишига вирус юқтирган. Бундан аввалроқ эркак уч ўғлини зарарлашга улгурган. Улардан ҳар бири эса яна 28 кишини, жумладан 5 ҳамшира ва шифокорни зарарлаган.

Бу орада шифохонага биринчи эркакнинг қўшниси бўлган яна бир бемор келтирилган. Уларнинг иккисида ҳам коронавируснинг хорижда учровчи штамми аниқланган. Текширув давомида ҳаммаси бўлиб 71 киши зарарлангани аниқланган.  

Вирус манбасини қидириш давомида шифохонага тушган икки қўшни яшаган кўп қаватли уйнинг барча аҳолиси текширилган. Бунинг давомида АҚШдан қайтган аёлда ўша “хорижий” штамм аниқланган. Таъкидланишича, аёл организмида коронавирусга антитаналар бўлган, шу сабабли унда коронавирус аломатлари кузатилмаган.

Аёлнинг айтишича, у касалланганлар билан алоқа қилмаган, улар билан бир лифтда кетмаган. Мутахассисларнинг фикрича, аёл коронавирусни лифт тугмаларида қолдирган. 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, аломатсиз беморлар ҳамон атрофдагиларга энг катта хавф солади. 

Мавзуга оид