Ўзбекистон | 20:34 / 13.07.2020
14470
3 дақиқада ўқилади

«Махсус комиссия қарорлари норматив-ҳуқуқий ҳужжат эмас» — вазир ўринбосари

Шу боисдан ҳам бу ҳужжатлар мажбурий эълон қилиниши шарт эмас, деб баёнот берди Адлия вазири ўринбосари Музраф Икромов.

Адлия вазири ўринбосари Музраф Икромов АОКАда бўлиб ўтган брифингда бугунги кунда туғилаётган қатор саволларга жавоб бераркан, махсус комиссия қарорлари нега оммага эълон қилинмаслигига ҳам тўхталиб ўтди.

Вазир ўринбосарининг маълум қилишича, мамлакатга коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича ишларга махсус куч ва воситаларни жалб қилиш ва сафарбар этиш билан боғлиқ бандлар киритилганлиги сабабли ва улар давлат манфаатларига ва хавфсизлигига зарар етишига йўл қўйиб бўлмаслиги туфайли Республика махсус комиссиянинг қарорлари тўлин эълон қилинмаяпти. 

«Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини қизиқтираётган бир масала Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастури ва Махсус комиссиянинг кейинги қарорлари (протоколлари) тўлиқ шаклда эълон қилинмаётгани ва уларнинг ёритилишидир.

Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, тасдиқланган эди, аммо қуйидаги объектив ва мантиқий сабабларга кўра эълон қилинмаган:

  • Дастур биргина ҳужжатдан иборат эмас, у ўз ичига комплекс чора-тадбирларни олади, норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳам эмас ва шунга кўра, мажбурий эълон қилиниши шарт эмас;
  • унга мамлакатимизга коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича ишларга махсус куч ва воситаларни жалб қилиш ва сафарбар этиш билан боғлиқ бандлар киритилган бўлиб, давлат манфаатларига ва хавфсизлигига зарар етишига йўл қўйиб бўлмаслиги туфайли ушбу маълумотларни ошкор қилиш мақсадга мувофиқ эмас;
  • ҳужжатда вазирлик ва идораларга фуқароларнинг соғлиги ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган муайян вазифаларни бажариш бўйич асосан ташкилий чоралар кўзда тутилган;
  • Дастур юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди, умуммажбурий қоидалар киритилишини кўзда тутмайди.

Таъкидлаш жоизки, коронавируснинг олдини олиш ва унга қарши кураш дастур қабул қилиш билангина чекланиб қололмайди, бу Махсус комиссияга юклатилган кенг кўламли вазифаларни бажариш йўлидаги фақатгина биринчи қадамлардан бири эди.

Дастур – кечиктириб бўлмайдиган чоралар мажмуасидир, мазкур масалада қабул қилинаётган Ўзбекистон Республикаси президентининг ҳужжатлари, ҳукумат қарорлари, махсус комиссия қарорларининг барчаси дастурни тўлдиради.  

Коронавирусга қарши кураш жараёни содир бўлаётган воқеаларга тезкор муносабат билдириш ва эпидемиологик вазиятнинг ўзгаришига нисбатан сафарбарлик ва бошқа резервларни ишга солиш бўйича қарорларни кечиктирмасдан қабул қилиш лозимлигини кўрсатди, бу борадаги маълумотлар эса чекланган характерга эгадир.

Шу боис, махсус комиссиянинг протоколлари ҳам қисқартирилган кўринишда эълон қилинади. Протоколларнинг аҳоли ва юридик шахсларга тааллуқли қисмлари расмий ахборот кўринишида мажбурий тартибда мавжуд барча коммуникация каналлари орқали тарқатилади», деди Музраф Икромов ўз нутқида.

Мавзуга оид