Ўзбекистон | 15:02 / 14.07.2020
22541
3 дақиқада ўқилади

Андижон шаҳри ИИО ФМБга янги бошлиқ тайинланди. Аввалги раҳбар қийноқ воқеаси туфайли ишдан кетганди

Ички ишлар вазирининг шахсий таркиб бўйича буйруғи билан лавозим тайинловлари амалга оширилди. Вазирлик матбуот хизмати хабар беришича, республиканинг тўрт ҳудудида янги ИИБ бошлиқлари иш бошлаган, Андижон шаҳар бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига янги бошлиқ тайинланган.

Подполковник Шоҳрухбек Холмуҳамедович Назиров Андижон вилояти Андижон шаҳар бўйича ички ишлар органлари (ИИО) фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси (ФМБ) бошлиғи вазифасини бажарувчиси лавозимига тайинланди.

Шоҳрухбек Назиров

Тайинловга қадар Ш.Назиров Андижон вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси бошлиғи лавозимида хизмат қилган.

Бошқарманинг собиқ раҳбари Содиқ Усмонов шу йилнинг июнида Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБ ходимлари ИИБ маъмурий биносида фуқарога қийноқ қўллаб, уни ўлдириб қўйиши ортидан ишдан олинганди.

Шунингдек, Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа, Наманганнинг Чортоқ, Самарқанднинг Каттақўрғон ва Фарғонанинг Бувайда туманларида ҳам ИИБнинг янги бошлиқлари иш бошлаган.

Подполковник Усманжан Тенгелович Ситмуратов Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимига тайинланди.

Усманжан Ситмуратов

Тайинловга қадар У.Ситмуратов Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Тергов бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида хизмат қилган. 

Туманнинг собиқ ИИБ раҳбари подполковник Бахтжан Избасаров шу йилнинг майида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари лавозимига тайинланганди.

Подполковник Отабек Камолиддинович Жабборов Наманган вилояти Чортоқ тумани ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимига тайинланди.

Отабек Жабборов

Тайинловга қадар О. Жабборов Наманган вилояти ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари - терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўлими бошлиғи лавозимида хизмат қилган.

Чортоқ тумани ИИБнинг аввалги бошлиғи Собитхон Абдурайимов 8 июль куни ўтказилган президент видеоселектори давомида ишдан олинганди.

Подполковник Хондамир Аллаёрович Умаров Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимига тайинланди.

Хондамир Умаров

Тайинловга қадар Х.Умаров Самарқанд вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўл-патруль хизмати батальони командири ўринбосари-штаб бошлиғи лавозимида хизмат қилган.

Каттақўрғон шаҳар ИИБ бошлиғи лавозимида 2019 йил мартидан буён майор Отабек Рустамович Муҳаммадиев ишлаб келаётганди.

Подполковник Рустамжон Тўраевич Ҳайитов Фарғона вилояти Бувайда тумани ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимига тайинланди.

Рустамжон Ҳайитов

Тайинловга қадар Р.Ҳайитов Фарғона вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси қидирув ишларини ташкил этиш бўлими бошлиғи лавозимида хизмат қилган.

Мавзуга оид