«Ижтимоий соҳа иншоотлари маҳалла ҳисобида қолдирилди» — Яккабоғ туман ҳокимлиги яна асоссиз маълумот тарқатди
Жорий йил 8 июлда Kun.uz сайтида «Маданият маскани ери кимга сотилди? – Яккабоғ ҳокимлиги фуқароларни алдаб келмоқда» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.
Унда тумандаги Гулистон МФЙ ҳудудида бўлган маданият уйи, ёзги клуб биноси ва кутубхонани аҳолига уй-жой қуриш учун очиқ аукционда сотиш тўғрисида чиққан туман ҳокимининг қарори, фуқароларнинг маданият уйи биноси бузилиши юзасидан президент виртуал қабулхонасига қилган мурожаатлари, бунга жавобан эса туман ҳокимият фуқароларга ёлғон ва асоссиз маълумотлар бериб келгани ҳақида сўз юритилган эди.
Яккабоғ туман ҳокимлиги телеграм ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасида ушбу мурожаат юзасидан «Ижтимоий соҳа иншоотлари маҳалла ҳисобида қолдирилди» сарлавҳаси билан расмий муносабатини эълон қилди.
Аввало, муносабат ҳақида. Ҳокимлик матбуот хизмати Kun.uz интернет нашри ижтимоий тармоқ эмас, расмий, давлат рўйхатидан ўтган ОАВ эканини билмайдими? Нега очиқ аукционда тадбиркорлик учун сотилган объектни аҳоли томонидан фойдаланиб келинмоқда деган ёлғон маълумот бермоқда?
Ҳокимлик маълумотида айтилишича, туман Архитектура ва қурилиш бўлими бошлиғи Отабек Тиловов Геофизика экспедицияси ҳисобида турган маданият уйи, кутубхона, ёзги кинотеатр бинолари ташкилот ишчи-хизматчилари ва уларнинг оилалари фойдаланиши мақсадида ўтган асрнинг 70-йилларида қурилган бўлиб, 2007 йилда маҳалла фуқаролар йиғинлари тизими шаклланиши муносабати билан ташкилот томонидан нол қийматда «Эски Яккабоғ» МФЙ ҳисобига ўтказилиб берилган.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, Архитектура ва қурилиш бўлими бошлиғи Отабек Тиловов ҳам, Ер ресурслари ва давлат кадастри хизмати раҳбари Уйғун Турдиев ҳам Kun.uz мухбири билан суҳбатда мазкур объектларнинг қачон ГФЭ балансидан чиққани, қайси ташкилот ёки муассасага ўтказилгани тўғрисида маълумотга эга эмасликларини айтган, бу тўғрида ҳужжатлар ҳам йўқлигини таъкидлаган эди.
Туман ҳокимияти мазкур биноларнинг 1970-йилларда қурилгани ва гўёки «23 йилдан буён таъмирталаб ва абгор ҳолатга келиб қолган»ини «сабаб» ўлароқ келтириб, ҳокимлик таклифи билан туман ҳокимининг 2016 йил 31 августдаги 3393/08-сонли қарори билан «Гулистон» МФЙ ҳудудидаги туман захира ер фондидан жами 0,13 га қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер майдонларини фуқароларга кимошди савдоси орқали сотиш мақсадида якка тартибда уй-жой қуриш учун танлаб ажратиб берилиши белгиланган ва ер майдони кимошди савдосига чиқарилган экан.
Шу ўринда яна савол туғилади: ижтимоий объектлар уй-жой қуриш учун бўш ер майдони сифатида сотилиши мумкинми? Энг қизиғи, бу ҳақида маҳалла фуқаролари огоҳлантирилган, кимошди савдосида қатнашиши мумкинлиги айтилган экан. Мурожаатчилар эса ҳеч қачон бундай хабар ва маълумотлар берилмагани, бинолар бузилиши бошлангандан сўнг хабар топишгани ва муаммо кўтарилганини таъкидлайди.
Ҳокимият хабарида «2019 йил 15 март санасида Яккабоғ туман ҳокими Ш.Донаевнинг Геофизика кўчасида яшовчи фуқаро З.Шариповга йўллаган хатида Геофизика экспедицияси клуби биноси сотиб юборилмагани ва ГФЭ балансида тургани айтилади», деган сўзига келсак, у ердаги чўмилиш ҳавзаси, болалар майдончаси, мини-ўйингоҳ каби ижтимоий объектлар маҳалла ҳисобида бўлиб, ҳозирги пайтда аҳоли фойдаланиши йўлида хизмат кўрсатиб келмоқда», «маҳалла аҳлининг талабларидан келиб чиқиб, ушбу объектларнинг бирортаси ҳам кимошди савдоларга қўйилмаслиги ва маҳалла ҳисобига олиниб, аҳоли фойдаланиши учун хизмат килиши белгиланиб олинган», экани айтилади.
Ҳокимлик матбуот хизмати наҳотки туманда бўлаётган ҳодисалардан хабари бўлмаса, негаки ўша «чўмилиш ҳавзаси», ва «мини-ўйингоҳ» аллақачон бўш турган ер сифатида тадбиркорлик қилиш учун аукционда сотилган. Буни туман кадастр бўлими ушбу ерлар бир қисми сотилишидан аввал Kun.uz мухбирига тасдиқлаган, бундан эса туман матбуот хизматининггина «хабари» йўқ.
Kun.uz мақоласида кўрсатилган, Яккабоғ туман ҳокимининг 2020 йил 27 июнда фуқаро Ҳамраева Гўзалга Президент виртуал қабулхонасига қилинган навбатдаги мурожаати юзасидан юборган хатига эса «кўз юмиб кетилган» ёки «асосли» важ топилмаган кўринади.
Ҳокимлик хатида туман ишчи гуруҳининг ўрганиш натижасига кўра, ГФЭ кўчасида жойлашган клуб, ёзги кинотеатр ҳамда кутубхона бинолари кимошди савдоси орқали тадбиркор З.Муқимова томонидан сотиб олингани ҳамда фуқароларга сотиб юборилмагани айтилганди.
Мавзуга оид
11:09 / 08.11.2024
Андижонда коттежлар қуриш учун ер ҳужжатини расмийлаштириб бериш эвазига 230 минг доллар талаб қилган шахс ушланди
10:19 / 08.11.2024
“Таниш-билиш ўтмайди” – Кадастр агентлиги директори ерга эгалик ҳуқуқини олишда фирибгарларга алданмасликка чақирди
20:28 / 01.11.2024
Фермер энди ерга ижара ҳуқуқини сотиши мумкин – саволларга жавоблар
14:20 / 24.10.2024