Жаҳон | 23:31 / 14.07.2020
1759
2 дақиқада ўқилади

Норвегия Европанинг 20 дан ортиқ мамлакатига чегараларини очади

Норвегия ҳукумати 15 июлдан Европанинг 20 дан ортиқ мамлакатига сафар қилиш бўйича чекловларни бекор қилди. Бундай чекловлар март ойида коронавирус боис жорий қилинган эди. Бу ҳақда Норвегия ҳукумати ахборот хизмати хабар қилмоқда

“15 июлдан Европа иқтисодий ҳудуди ва Шенген ҳудудининг айрим мамлакатлари сафар қилиш тавсия этилмаган давлатлар рўйхатидан чиқарилади”, - дейилади хабарда. 

Рўйхатда 21 давлат, жумладан Буюк Британия, Германия, Греция, Испания, Италия, Полша, Франция, Чехия ва бошқалар бор. Эндиликда, мазкур давлатлар ва Норвегия ўртасида борди-келди учун карантинда ўтириш талаб этилмайди. 

Аввалроқ, Норвегия Финландия, Дания ва Исландия билан чегараларини очган эди. 15 июлдан Швециянинг 3 минтақаси - Блекинг, Крунуберг ва Сконе ҳудудларига бориш мумкин.

Айни вақтда Норвегияда коронавирусга чалинганлар сони 8 984 кишига етди. Сўнгги ҳафта ичида вирусни юқтириб олганлар сони кунига 15та янги ҳолатдан камни ташкил этди. Мамлакатда 253 киши коронавирус қурбонига айланди. 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид