Норвегияликлар йил бошидан бери рекорд миқдорда электромобиллар харид қилди
Норвегия соф транспортга ўтишда етакчи ўринларни сақлаб қолмоқда. Мамлакатда ҳукуматнинг экологик соф транспортни қўллаб-қувватлаши эвазига 2020 йил 1-ярмида сотилган машиналар орасида электромобиллар улуши рекорд даражадаги 48 фоизни ташкил қилди. Бу эса мамлакатда ушбу давр ичида харид қилинган ҳар 2 машинанинг биттаси электромобил бўлганини англатади.
Норвегияликлар Audi e-Tron, Volkswagen e-Golf ва Hyundai Kona электромобилларини кўпроқ хуш кўрадилар.
Норвегияликлар орасида Volkswagen Group электромобиллари энг талабгир бўлмоқда: бозорнинг 9 фоизи билан Audi e-tron модели етакчилик қилмоқда. 2-ўринни бозорнинг 6 фоизлик улуши билан VW e-Golf эгалламоқда. 3-ўринни Kona EV ва Nissan LEAF электромобиллари ўзаро бўлишмоқда.
Бироқ июнда бозордаги вазият йилнинг 1-ярмига нисбатан ўзгарган. Савдолар бўйича етакчи учлик ўзгариб, VW e-Golf ва Hyundai Kona EV бир пунктга юқорилаб, 1- ва 2-ўринни эгаллаган. 3-ўринга эса Tesla Model 3 модели чиққан.
Норвегияда электромобиллар савдоси бошқа бирор давлатда бўлмаган суръатлар билан ўсмоқда. 2017 йилда мамлакатда электрокарлар илк бор барча сотилган янги автомобилларнинг ярмидан кўпроғини ташкил қилган. 2018 йилда эса Норвегия электромобилларнинг кенг тарқалиши автомобил ёнилғиси истеъмоли камайишига олиб келган биринчи давлатга айланган.
Норвегияда элеткрокарлар савдоси ўсиши бензин ва дизел ёнилғисида ишловчи машиналар савдосини қўллаб-қувватламайдиган ҳукумат саъй-ҳаракатларининг натижаси ҳисобланади. Мамлакат 2030 йилда соф энергетикага ўтмоқчи ва экологик соф транспортни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда. Мисол учун, Норвегияда Tesla машинасига эгалик қилиш бензинда юрувчи машинага эгалик қилишдан арзонроқ тушади. Ҳукумат ички ёнув двигателига эга машиналар эгаларига солинадиган солиқни янада оширмоқчи ва бундай машиналарга бир қатор кўчаларга киришни чекламоқчи. Норвегиянинг бундан мақсади 2025 йилдан ички ёнув двигателли янги машиналар савдосини тақиқлашдан иборат.
Мавзуга оид
13:50 / 25.10.2024
Ўзбекистондан Дания ва Норвегияга миллий маҳсулотлар экспорти йўлга қўйилади
19:30 / 24.10.2024
Норвегияда 15 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаш таклиф этилди
09:10 / 16.10.2024
Россия Норвегиядаги элчихонаси штатини қисқартирди
20:31 / 12.10.2024