Жаҳон | 21:12 / 14.07.2020
18929
2 дақиқада ўқилади

Туркия қуролли кучлари Арманистонга қарши урушда Озарбойжонни қўллаб-қувватлаши маълум қилинди

Хулуси Акар Туркия қуролли кучлари "бир миллат, икки давлат" тамойилига мувофиқ Озарбойжон қуролли кучлари билан ёнма-ён туришини таъкидлади.

Туркия мудофаа вазири Хулуси Акар Арманистон билан ҳарбий тўқнашувда Озарбойжонни тўлиқ қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

"Арманистон томонининг Озарбойжоннинг Товуз районидаги ҳужумларини кескин қоралаймиз. Ҳалок бўлган озарбойжонлик ҳарбийларнинг яқинлари ва қариндошларига таъзия билдирамиз, яраланганларга тезроқ соғайиб кетишларини тилаймиз. Озарбойжон ерларини ноқонуний равишда босиб олиб узоқ йиллардан буён зўравонлик сиёсатини олиб бораётган Арманистонга қарши курашда Озарбойжон қуролли кучларига ёрдам бериш ва қўллаб-қувватлашда давом этамиз", - деди у. 

Унинг қўшимча қилишича, Туркия қуролли кучлари "бир миллат, икки давлат" тамойилига мувофиқ Озарбойжон қуролли кучлари билан ёнма-ён туради.

12 июль куни Боку ва Ереван бир-бирини ўт очишни тўхтатиш режимини бузиш ва артиллериядан фойдаланишда айблаганди.

Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги келишмовчилик 1988 йил февралда Тоғли Қорабоғ мухтор области Озарбойжон ССР таркибидан чиқишини эълон қилганидан сўнг вужудга келган. 1992-1994 йиллардаги қуролли низо давомида Озарбойжон Тоғли Қорабоғ ва унга туташ бешта район устидан назоратни йўқотган.

Мавзуга оид