Жамият | 19:02 / 14.07.2020
128041
4 дақиқада ўқилади

Занжирни энди узиб бўлмайди. Буёғига қандай йўл тутиш керак?

Коронавирус пандемияси Ўзбекистонни ҳам тобора кўпроқ ўз домига тортмоқда. Шундай пайтда, дадил ва аниқ ҳаракатлар қилиш зарурати туғилади. Хўш, улар қандай бўлиши лозим? Қуйида бу борадаги ўз мулоҳазаларимиз билан ўртоқлашамиз.

Махсус комиссияга

Комиссиянинг ҳар бир қарори оммага эълон қилиниши, баҳсли жиҳатлар туғилса, дарҳол қайта кўриб чиқилиши лозим. Токи автомобилларни жарима майдонига тиқиш сингари зиддиятли қарорлар кўпчиликни қақшатмасин.

Қонунларга мос келмаётган қарорлар ҳақида ҳам кўп айтилди. Бу борада ҳам бир тўхтамга келиш шарт. Фавқулодда ҳолат жорий қилинмас экан, ҳеч бўлмаса пандемия даврида махсус комиссия қарорлари қонун кучига эгалиги ҳақидаги расмий ҳужжат қабул қилиниши зарур.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига

1. Коронавирусга қарши тест топшириш имконияти кескин оширилиши керак. Хусусий тиббиёт, давлат муассасалари, мобил бригадалар ва ҳатто маълум ҳақ эвазига (ҳаққонийлиги шарти билан) дорихоналарда ҳам бундай синама топшириш мумкин бўлсин.

Тест топширганлар билишади – қулоқ тозалайдиганга ўхшаш бир пахтали чўп билан бурун ва томоқдан суртма олинади. Бу амалиётни ҳар қандай тиббиёт ходими тезда ўрганиб олиши мумкин, у хавфсизлиги учун ҳимоя воситалари билан таъминланиши керак бўлади. Энг муҳими, кейинги босқич – барча олинган намуналар сифатли таҳлил қилинишида.

Қисқаси, маълум ҳақ эвазига бу тестни осон топшириш имкониятини яратиб бериш, бу билан шуғулланаётганларга маълум имтиёзлар тақдим этиш зарур. Уёғини бизнес ва бозор ўзи тартибга солади. Албатта, давлат назоратини сусайтирмаслик шарти билан.

2. Аҳоли орасида коронавирус аниқланган ҳолатлар бўйича батафсил маълумотлар бериб борилиши зарур. Бу орқали бошқаларнинг хавфсизлиги таъминланади, касаллик чиққан ҳудудлар ҳақида ахборотга эга бўлган фуқаролар ўша жойга боришдан тийилади. Бунинг учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматида етарлича штатлар ва ваколатлар бўлиши зарур.

3. Вирусга чалинганларни кафтда кўтариб эъзозлаш, гул бериб кузатиш, ҳар бир бемор соғайишидан эйфория даври ўтиб бўлди. Даволаниш охир-оқибат ҳамманинг ўзига қолган кунларга етиб келдик. Шундай экан, оддий тавсияларни кўпайтиринг, колл-марказлар сонини оширинг, 1003га телефон қилиб асабийлашишларни камайтиринг.

Имкон бўлса, энг етакчи олимлар маълум соатларда шу марказларда ишлаб турсинлар. Токи одамлар эътибордалигини билсин, энг етакчи илм эгалари улар билан суҳбатлашаётганидан руҳи таскин топсин.

Санитария-эпидемилогия осойишталик агентлигига

«Занжирни узамиз» деган хомхаёлдан воз кечинг ва энди бунга аҳолини ишонтиришга уринманг. Занжир аллақачон ер шарини бир неча марта ўраб олиб, тобора қисиб келмоқда. Ўзимизда ҳам қайд этилган ҳолатлар 15 мингга яқинлашиб, 70 фоизгача ҳолат симптомсиз кечаётгани тан олинган бир пайтда орамизда минглаб одамлар касаллик тарқатиб юрганини ўзи ҳам билмайди.

Энди бу занжир узилиши яқин йилларда ушаладиган орзу эмаслиги аллақачон тушунарли бўлган.

Бунинг ўрнига мавжуд вазиятга аниқ баҳо берувчи, инсон ўзини асрашига ундовчи тарғиботни кучайтиринг.

Ҳукуматга

Аҳолига пул тарқатиш зарурати аллақачон пишиб етилган, буни фақат тан олиш қолган, холос. Ҳатто имкониятлари биздан қисқароқ қўшниларимиз ҳам атаганларини беришди, беришяпти. Халққа пул тарқатилса, у пуллар ҳеч қаёққа қочиб чиқиб кетмайди. Муҳтожлар уларни дарҳол истеъмолга сарфлаб, яна шу иқтисодиётга киритишади.

Ва ниҳоят – ҳаммага, шу азиз халқимизга!

Вирусга чалинсангиз, оғир аҳволга тушсангиз, барибир унинг юки ўзингизнинг гарданингизга тушади. Ўзингиз учун қўрқмасангиз ҳам болаларингиз, яқинларингиз учун қўрқинг, эҳтиётингизни қилинг.

Енгил ўтади, тез тузалади, дейилгани билан ёш йигитларни ҳам ағдараётгани, ҳаётига нуқта қўяётгани энди ҳақиқат.

Сиз учун ҳеч ким қайғурмаслиги мумкинлигини ҳисобга олинг, чунки ҳамманинг жони ўзига ширин!

Аброр Зоҳидов

Муаллиф фикри таҳририят қарашларини англатмайди.

Мавзуга оид