21:36 / 18.07.2020
13304

«Дорилар бўйича ҳеч қандай муаммо йўқ» – Андижон вилояти ҳокими уч ойлик захира омборининг калитини кўрсатди

Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов вилоятдаги мутасадди ташкилотлар, соғлиқни сақлаш тизими вакиллари билан йиғилиш ўтказиб, вилоят аҳолисига телемурожаат қилди.

Ҳоким йиғилиш давомида вилоятда карантин даврида олиб борилаётган амалий ишлар ҳақида маълумот бериб, тиббиёт тизимидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича ўз фикрларини билдирди.

Шуҳрат Абдураҳмонов Карантин пайтида вилоят ҳудудидаги дорихоналарда биринчи навбатдаги дори-дармонлардан танқислик бўлмаслигига алоҳида тўхталиб ўтди.

«Соғлиқни сақлаш тизими мутахассисларининг коронавирус билан боғлиқ касалликларни даволаш учун талаб этиладиган рўйхатга 49 турдаги дори-дармон ва тиббиёт жиҳозлари киритилган. Шундан 32таси – дори-дармон.

Вилоят ҳокими сифатида андижонликларга айтаман: «Андижонда бугун мана шу вирус билан боғлиқ 49 турдаги дори-дармонлар бўйича ҳеч қандай муаммо, етишмовчилик йўқ.

ОАВдан илтимос қиламан, жойларда дориларнинг турганини халқимизга кўрсатинглар. Ёнимда олиб юрган мана бу калит ўша 49 хил дори-дармонларнинг уч ойлик захирасига (омборига) тегишли.

Одамларнинг, «Дори-дармон етишмай қоладимикин?», деган шов-шувлари ўринсиз. Мен барчани мана шундай оғир кунларда бир бўлиб, ҳамжиҳат бўлиб ишлашни чақираман», – деди Шуҳрат Абдураҳмонов.

Эслатиб ўтамиз, жойларда дори-дармонлар захираси бўлиши шартлиги ҳақида президент Шавкат Мирзиёев 14 июлдаги видеоселекторда топшириқ берган эди.

«Тўртта сектор алоҳида ўз ҳудуди бўйича дори-дармоннинг захирасини, ҳар бир вилоят, ўзи ўзига яратади. Захира уч ойлик бўлиши керак. Бунга қанча маблағ керак бўлса берамиз, лекин биронта аптекада дори-дармон воситалари қимматлашса, одамларимизнинг норозилигига олиб келади. Мана шуни қаттиқ назоратга олишларинг керак», – деганди давлат раҳбари.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top