Ўзбекистон | 19:04 / 18.07.2020
27130
4 дақиқада ўқилади

Нега ҳаводек зарур бўлиб турган тиббий воситалар ва тиббий техникалар импортига енгиллик берилмаяпти?

COVID-19 пандемияси кенг қулоч ёймоқда. Бундай пайтда давлат идоралари, жамоат бирлашмалари, якка фуқаролар – ҳамма хатарни тўғри баҳоламоғи, бир тан, бир жон бўлиб пандемияга қарши ҳаракат қилмоғи ва керакли чораларни ҳеч кечиктирмасдан кўрмоғи лозим. Ҳар бир лаҳза кечикиш кўплаб салбий, ҳатто мудҳиш оқибатларга олиб келиши мумкин. 

Пандемия динамикасини, унинг қўшни мамлакатларда ривожланишини кузатадиган бўлсак, мамлакатимиздаги ҳолатни «кейинги тўлқиндан олдинги жимлик» деб атаган мутахассислар ҳам бўлди. Ва чамаси, ўша тўлқин энди ўзининг биринчи шамолини жўнатяпти. Инчунун, воқеаларнинг кейинги ривожига тайёр туриш керак бўлади.

Хусусан, COVID-19'нинг ўрта ва оғир формасига чалинган беморлар учун деярли ҳаводек зарур бўлган тиббий буюм ва тиббий техникалар кўплаб керак бўлади. Масалан, кислород концентратори (ҳаводан кислородни ажратиб берувчи ускуна) ва пульсоксиметр (қондаги кислород миқдорини кўрсатувчи восита). Пандемия миқёси тиббиётимиз имкониятлари учун ҳозирданоқ оғир келаётгани, бу эса кўплаб фуқароларимиз ўз уйларида даволанишини тақозо қилаётгани боис, бундай тиббий воситаларга талаб ниҳоятда ортади. Ва бу... том маънода ҳаётий талаб.

Мазкур воқелик фонида бундай восита ва техникаларни мамлакатимизга импорт қилишда қийинчиликлар борлигини, бу жараённи енгиллаштириш учун тартибларга ўзгартиш киритилмаётгани кишини бениҳоя таажжублантиради.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг шу йил 15 апрелдаги 121-сонли буйруғи билан, COVID-19 инфекцияси билан касалланганларни даволашда қўлланиладиган дори воситалари, тиббий буюмлар ва техникалар рўйхатдан ўтказмасдан, мажбурий сертификациялаштириш шарти билан мамлакатимизга импорт қилинадиган бўлди. Бу яхши. Бироқ...

Биринчидан, ачинарлиси шуки, мазкур илованинг изоҳида «мазкур рўйхатга киритилган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар фақат Соғлиқни сақлаш вазирлигининг эҳтиёжи лойиҳалари учун татбиқ этилиши» таъкидланган...

Бу билан COVID-19га қарши ишлатиладиган воситаларни тадбиркорлик субъектлари томонидан рўйхатдан ўтказмасдан импорт қилиш имкони – эшиги ёпилмоқда. Бу эса аҳолини мазкур воситалар билан таъминланиши йўлида жиддий тўсиқ бўлади. Зеро «рўйхатдан ўтказиш» дегани бу бир неча ой вақт зое дегани.

Мазкур буйруқ апрель ойида чиқарилганини ҳисобга олсак, вазирликни бироз тушунса бўлади – апрель ойида пандемия ҳали унча қулоч ёймаган эди. Аммо июнь-июль ойларида вазият ўзгарди.

Иккинчидан – сертификатлаштириш. Тадбиркор хорижий компаниядан тиббий техника буюртма берса, уни ишлаб чиқариш ва етказиш бир ярим ҳафта вақтни олади, сертификация олиш жараёни эса... бир ой! Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаш агентлигининг метрологик назоратини талаб этувчи тиббий воситаларни ҳамда воситаларнинг электромагнит мувофиқлиги (бунга ҳар қандай электр билан ишлайдиган жиҳоз киради) экспертизасини талаб қилувчи воситани четдан олиб келиш керак бўлиб қолса, унда... икки ой! Шу билан бирга, тиббий техника ва воситаларни сертификация қилувчи ташкилот бизда... бир дона.

Пандемия даврида, тиббий техника ва воситаларнинг мамлакатимизда жиддий етишмовчилиги сезилиб турган шароитда (ҳозир ички бозорда на кислород концентраторини, на пульсоксиметр топа оласиз) мазкур чекловларнинг барчаси зудлик билан олиб ташланиши зарур.

Шокир Шарипов

Мавзуга оид