Ўзбекистон | 00:34 / 18.07.2020
42645
5 дақиқада ўқилади

Бир кунда 4 ўлим қайд этилди ва жами қурбонлар сони 79тага етди. Ҳақиқий рақамлар кўпроқ бўлиши мумкин

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бугун Ўзбекистонда яна 4 ўлим ҳолати қайд этилгани ҳақида хабар берди. Эндиликда жами ўлимлар сони 79тани ташкил этмоқда.

Биринчи ўлим. 29 июнь куни Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасига ётқизилган юнусободлик 48 ёшли бемор вафот этди.

Юнусобод туманида яшаган 48 ёшли фуқаро Т.Ё. (эркак) тана ҳароратининг кўтарилиши сабабли намуна топширган. Жорий йил 29 июнь куни унда Covid-19 аниқланган ва йўтал, ҳансираш белгилари кучайганлиги сабабли Вирусология илмий-текшириш институти клиникаси реанимация бўлимига ётқизилган.

Унга миокард инфаркти, Covid-19 инфекцияси ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Касаллик ўнг ўпка спонтан пневмоторакси, нафас етишмовчилиги, ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги асоратлари билан кечган.  

Текширувлар беморда аввалдан бронхиал астма касаллиги мавжуд бўлганини кўрсатган. Мутахассислар томонидан онлайн консультация ва консилиумлар ўтказилган, даволаш жараёни белгиланган стандартлар асосида олиб борилган.

Сўнгги кунларда шифокорлар томонидан стандартлар асосида амалга оширилган реанимацион муолажаларга қарамасдан, бемор ўткир миокард инфаркти, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди.

Иккинчи ўлим. 8 июль куни Тошкентдаги 1-сон клиник шифохонасига ётқизилган сергелилик 62 ёшли бемор вафот этди.

Тошкент шаҳри Сергели туманида яшовчи 62 ёшли Н.А.да (аёл) жорий йил 8 июль куни Covid-19 тасдиқланган ва шаҳар 1-сон клиник шифохонасига ётқизилган. Унга Covid-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. 

Касаллик ўткир нафас ҳамда юрак қон-томир етишмовчилиги асорати билан кечган. Шунингдек, бемор юрак ишемик касаллиги, гипертония каби ҳамроҳ хасталиклар билан ҳам оғриган.

Шифохонада беморнинг даволаниши давомида шифокорлар томонидан онлайн консультация ва консилиумлар қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган. 

Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди.

Учинчи ўлим. 5 июль куни Тошкентдаги 1-сон шаҳар клиник шифохонасига ётқизилган юнусободлик 55 ёшли бемор вафот этди.

Юнусобод туманида яшаган 55 ёшли фуқаро А.Х. (эркак)да 5 июль куни Covid-19 тасдиқланган ва у 1-сон шаҳар клиник шифохонасига ётқизилган.

Шифохонада унга Covid-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилди. Касаллик ўткир нафас етишмовчилиги, ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги, марказий нерв системаси интоксикацияси каби асоратлар билан кечган.

Шунингдек, беморда гипертония касаллигининг 3-даражаси, артериал гипертензия каби ҳамроҳ касалликлар бўлган. Беморга мутахассислар томонидан онлайн консультация ва консилиумлар ўтказилган, даволаш жараёни белгиланган стандартлар асосида олиб борилган.

Сўнгги кунларда ҳамроҳ касалликлар фонида касаллик асоратлари ҳисобига беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, шифокорлар томонидан стандартлар асосида амалга оширилган реанимацион муолажаларга қарамасдан, у ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди.

Тўртинчи ўлим. 9 июль куни 1-сон шаҳар клиник шифохонасига ётқизилган 59 ёшли бемор вафот этди.

Тошкент вилояти Тошкент туманида яшаган 59 ёшли фуқаро Б.С. (эркак)да 9 июль куни Covid-19 тасдиқланган ва у 1-сон шаҳар клиник шифохонасига ётқизилган.

Тиббиёт муассасасида унга Covid-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилди. Касаллик ўткир нафас етишмовчилиги, ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги, диабетик нефропатия, сурункали буйрак етишмовчилиги, марказий нерв системаси интоксикацияси каби асоратлар билан кечган.

Беморда юрак ишемик касаллиги, стенокардия, коронар қон томирларни стентлашдан кейинги ҳолат (2008, 2012 йилларда), гипертония каби ҳамроҳ касалликлар бўлган. 

Беморга мутахассислар томонидан онлайн консультация ва консилиумлар ўтказилган, даволаш жараёни белгиланган стандартлар асосида олиб борилган.

Асосий касаллик оғир кечиши ва асоратлари ҳисобига аҳволи кескин ёмонлашиб, мутахассислар томонидан тўлиқ ҳажмда, стандарт асосида ўтказилган реанимацион чораларларга қарамай, бемор ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги сабабли вафот этди.

Шу тариқа, ССВ статистикасига бўйича Ўзбекистонда коронавирус қурбонлари сони 79тага етди. Аммо ҳақиқий рақамлар расмий статистикадагидан кўпроқ бўлиши мумкин. 

15 июль куни Давлат хизматлари агентлиги Навоий вилояти бошқармасининг масъул ходими Адҳамжон Деҳқонов 61 ёшида коронавирусдан вафот этгани хабар қилинди. Ҳозирча ССВ бу ўлим ҳолатини расман қайд этмаган.

17 июль куни Монополияга қарши курашиш қўмитаси бошқарма бошлиғи Санжар Абдуқодиров 40 ёшида ҳаётдан кўз юмди. У ҳам коронавирусга чалиниш оқибатида вафот этгани гумон қилинмоқда.

Шунингдек, бугун режиссёр Сарвар Каримовнинг отаси 63 ёшида коронавирус инфекциясидан вафот этган, аммо ундан коронавирусни аниқлаш учун тест олинмаган, унинг ўлими статистикада қайд этилмаган.

Мавзуга оид