Жаҳон | 23:34 / 20.07.2020
10165
2 дақиқада ўқилади

Нью-Йоркдаги меҳмонхона эгаси пандемия даврида бизнесни қутқариш йўлини топди

Нью-Йоркнинг The Wythe Hotel меҳмонхонаси хўжайини коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятда ўз бизнесини қутқариб қолиш имкониятини излаб топди.

Фото: Industrious

Пандемия авжига чиққан пайтда меҳмонхонага маҳаллий шифокорлар ва ҳамширалар жойлаштирилган эди. Аммо беморлар сони камайгандан кейин, меҳмонхона яна бўшаб қолди. Энди унинг хўжайини Питер Лоуренс хоналарни шахсий кабинет сифатида ижарага бермоқда, деб ёзади Fast Company.

The Wythe Hotel биносининг 1-қаватида Industrious компанияси томонидан ташкил қилинган 13та алоҳида офис жойлаштирилди. Каравотсиз, аммо мебелли хоналар 4 кишилик офисга айлантирилиб, кунига 200 долларга ижарага берилмоқда. Ҳар бир хонанинг панорама ойналари ва ўз террасаси бор. Меҳмонлар овқат ва ичимликларни буюртма бериши, шунингдек, хонага ити билан кириши мумкин.

Лоуренс меҳмонлар нафақат иш кабинети, балки бутик-меҳмонхона таклиф қилаётган бошқа қулайликлардан ҳам баҳраманд бўлиши ҳақида гапирди.

«Соат 6да улар ажойиб боғимизда ўтириб, коктейль ичишлари, устрица ёки бошқа овқатларни еб, иш кунини якунлаши мумкин», — деди у.

The Wythe Hotel учун бу вақтинчалик эксперимент. Унинг қайта жиҳозланган хоналари август ойи охирига қадар таклиф қилинади. Аммо Industrious компанияси раҳбари Жейми Ходари меҳмонхоналардаги офислар пандемиядан кейин ҳам ўз долзарблигини йўқотмайди, деб ҳисобламоқда.

«Менимча бу жуда жиддий ўзгариш. Унинг натижасида одамлар исталган масофадан туриб ишлаши мумкин», деди у.

Мавзуга оид