– Ёшлар ишлари агентлиги ва кучсизлантирилган Ёшлар иттифоқи структуравий жиҳатдан қандай ишлайди? Уларнинг вазифалари қандай ажратилади?
– Ёшлар иттифоқи нодавлат-нотижорат ташкилот. У ННТ сифатида ўз фаолиятини эркин давом эттиради. Унинг қурултойи, марказий кенгаши, ижроия аппарати бор. Унга янги раҳбар сайланади. Унинг қай тарзда ишлаши юқори турувчи орган томонидан белгилаб берилади. Давлат органи сифатида Ёшлар агентлигининг йўналиши Ёшлар иттифоқи сингари барча нодавлат-нотижорат ташкилотлари билан тенгма-тенг ишлаш. Мавжуд ННТларнинг барчаси билан бир хил тарзда ишлайди.
Ёшлар иттифоқининг ўзининг йўналиши эса юқори турувчи орган ва янги сайланган раҳбар билан боғлиқ тарзда белгиланади.
– Бундан бир йил аввал ижтимоий тармоқларда «Бир миллион ўзбек дастурчиси» лойиҳасини фаол тарғибот қилдингиз. Охирги интервьюларингиздан бирида эса «Бу лойиҳани амалга ошириш осон эмаслигини тушундим, қишлоқларда интернет ишламайди. Ундан кўра бошқа соҳаларга ихтисослашув осонроқ экан», деган мазмундаги фикрни айтдингиз. Бу лойиҳа ўзини оқламади деганими ёки бошқа қандайдир ўзгариш бўлдими?
– Бу лойиҳа ўзини оқламаганидан эмас. Мақсад бизда жуда юқори – бир миллион дастурчи бу ҳазилакам кўрсаткич эмас. Баъзиларга бир миллион дастурчи чиқарамиз, десангиз, шубҳа билан қарайди. 35 млн аҳолиси бўлган мамлакатда бир миллион дастурчи етиштириш жуда катта марра. Бу фикрни билдирганимнинг ўз сабаби бор. Ҳозирда мавжуд мактаб битирувчилари, олий таълим муассасалари битирувчиларини бу дастур билан етарли даражада таништира олмадик. Дастурчиликнинг завқи нимада, у нега истиқболли соҳа, нега у ёшлар учун энг устувор йўналишлардан бири бўлиши кераклигини етказа олмадик. Халқ таълими вазирлиги мактабларда компьютер саводхонлиги – информатика дарслигини қайта кўриб чиқиб, унинг асосини дастурчиликка йўналтиряпти. Энди ёшлар фақат компьютердан қандай фойдаланишни эмас, дастур тузиш ва уни ривожлантириш ҳақида ҳам билимга эга бўлади. Бунинг самараси бир миллион дастурчи лойиҳаси учун узвий боғлиқ. “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси амалга ошмайдими, деган саволингизга “амалга ошади” деб жавоб бераман. Бу дастур бир кунда бўладиган иш эмас. У йилларни талаб қилади. Бу маррага эришиш учун балки 5, балки 10-20 йил ҳаракат қилишимиз керакдир. Ёшлар ишлари агентлиги бўлинмалари ҳузурида IT марказларини ташкил қилиш ташаббуси ўртага ташланди. Бундан ташқари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ёшлар қизиқадиган касб-ҳунарларга ўргатиш тизими учун 50 млрд сўм бериладиган бўлди. Дейлик, ваучер тизимини йўлга қўйиш. Бир ёш қизиқиб, халқаро малакавий сертификат ёки тил курсидан юқори натижа оладиган бўлса, Меҳнат вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда ўша ўқувчининг таълим муассасасига киргандаги контрактининг маълум бир қисмини субсидиялаб берадиган бўлди. Чилангарлик бўладими, дастурчиликми – ўз соҳаси бўйича малака сертификатини олса, маълум субсидияни тўлаб бериш тизими йўлга қўйилади. Мана шу ҳам ёшларга мен дастурчи бўлсам, яхши баҳога ўқисам, давлат контрактимни тўлаб берар экан, деган мотивация беради.

















