Жаҳон | 22:33 / 21.07.2020
7858
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған Сурия халқи озод бўлмагунича Туркия у ерда қолишини айтди

19 июл куни Сурия халқ кенгашига сайловлар бўлиб ўтди. Парламентдаги 250та ўрин учун 1656 номзод кураш олиб борди.

Сурия халқи озодлик ва хавфсизликка эришмагунича Туркия у ерда қолишда давом этади. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ана шундай баёнот берди.

"Қардош қўшнимиз Сурия халқи озодлик ва тинчликка эришмагунича биз бу ерда бўлишда давом этамиз. Улар ҳозир Сурияда сайлов ўтказишмоқда. Шундай сайлов бўлиши мумкинми? Демократия ҳақида гапирадиган давлатлар қани?" – деди Туркия президенти.

Сурияда бўлиб ўтган парламент сайловларига изоҳ берар экан, Эрдўған "Туркия четга суриб қўйилганларнинг ёнини олишга ва юз бераётган ҳолатга норозилик билдиришга мажбур бўлганини" айтди.

19 июл куни Сурия халқ кенгашига сайловлар бўлиб ўтди. Парламентдаги 250та ўрин учун 1656 номзод кураш олиб борди. Сайлов ўтказиш учун мамлакатда 7313та сайлов участкаси ташкил этилди. 

Эслатиб ўтамиз, Россия, Туркия ва Эрон раҳбарлари Владимир Путин, Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Ҳасан Руҳоний 1 июлда Сурия бўйича видеоанжуман шаклида саммит ўтказишди. Саммит якунларига кўра уч президент Сурия ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашларини, Суриядаги нефть даромадларининг ноқонуний эгаллаб олинишига йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлаб ўтишган, террорчиларни йўқотишда ҳамкорлик қилишда қатъий эканликларини тасдиқлашган ва Сурия ихтилофини ҳал қилиш бўйича мувофиқлаштиришни оширишга келишиб олишган. Улар, шунингдек, халқаро ҳамжамиятни барча сурияликларга кўрсатилаётган ёрдамни ҳеч қандай истисносиз кўпайтиришга чақиришган.

Шу йилнинг 13 март куни Туркия ва Россия Анқарада Идлибдаги вазиятни тартибга солиш бўйича келишув имзолаганди.  

Мавзуга оид