Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Шу пайтгача бирортаси чарчадим демади» – Шуҳратбек Абдураҳмонов андижонлик шифокорларга раҳмат айтди
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ОАВ вакиллари иштирокидаги брифингда аҳолига мурожаат қилиб, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича қилинаётган ишлар юзасидан маълумот берди.
Маълум қилинишича, вилоятда шу кунгача касалланганлар сони 738 нафар бўлиб, 20 июль ҳолатига 425 нафари буткул соғайиб кетган (21 июль куни соат 10:00 ҳолатига кўра, вилоятда яна 57 ҳолат аниқланди). 738 кишидан 363 нафари «Дўстлик» чегара пости орқали Қирғизистондан ўтган фуқаролар бўлиб, шу кунгача чегарадан 7,5 минг киши ўтиб келган.
Шу вақтгача вилоятда 104 минг кишидан инфекцияни аниқлаш учун тест олинган. Бу борада ҳеч қандай муаммо йўқлиги, шу кунларда Андижонга 10 минг дона 15-20 дақиқада коронавирус инфекцияси бор-йўқлигини аниқловчи тезкор тест олиб келинаётгани айтилди.
«Айни пайтда даволанаётган 313 нафар бемордан (21 июль ҳолатига кўра даволанаётган беморлар сони 370 нафарга етди – таҳр.) икки нафарининг аҳволи оғир. Булардан бири олдиндан «жигар циррози» касаллигига чалинган бўлган, яна бири «қандли диабет» касаллиги бўлгани сабабли ҳолат оғирроқ кечяпти. Шифокорлар уларни бор кучини бериб даволашмоқда. Олти беморда пневмония аниқланган бўлиб, уларнинг аҳволи ўрта оғир ҳолатда.

Андижонлик шифокорларга минг бор раҳмат айтаман, шу пайтгача улардан бирортаси «чарчадим» демади. Улар оқ либосининг номини оқлаб меҳнат қилишяпти.
Биз коронавирусни даволаш бўйича махсус курс ташкил қилдик. Айни пайтда захирада 288 нафар шифокор тайёр турибди. Бундан ташқари, 2031 нафар шифокор ва ўрта тиббиёт ходимларини қайта тайёрлов курсларига жалб қилганмиз. Андижонда тиббиёт ходимлари бўйича умуман муаммо йўқ», деди вилоят ҳокими.

Унинг қайд этишича, вилоятдаги 8та давлат ва 7та хусусий шифохоналарда беморларни қабул қилиш учун 2 мингта қўшимча жой тайёр ҳолатда турибди. Бундан ташқари, карантин учун ҳудуддаги санаторий, лагерь ва бошқа тиббиёт масканларида 10 минг 200та жой тайёрланган.
Вилоятда коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган 49 турдаги дори воситалари, 17 турдаги ҳимоя воситалари ва тиббий жиҳозларнинг 3 ойлик захираси яратилган.
Вилоят ҳокими ўз мурожаатида аҳолини янада ҳушёрликка, қийин вазиятда бирлашиб баҳамжиҳат ҳаракат қилишга чақирган.