Ўзбекистон | 23:59 / 22.07.2020
33423
4 дақиқада ўқилади

Бир кунда уч ўлим қайд этилди ва жами ҳолатлар сони 100га яқинлашди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 22 июль куни Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш оқибатида рўй берган 3 ўлим ҳолати ҳақида хабар берди. Қаторасига 7 кун давомида 4тадан ўлим қайд этилгач, илк марта ўлим ҳолатлари сони камайди.

Бугун Қорақалпоғистонда 1, Сурхондарё вилоятида 1 ва Тошкент шаҳрида 1 ўлим ҳолати қайд этилди.

Биринчи ўлим. 3 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган нукуслик 42 ёшли бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди.

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида яшовчи 42 ёшли Б.Д.да (эркак) жорий йил 3 июль куни Covid-19 инфекцияси тасдиқланган ва Қорақалпоғистон Республикаси юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.
 
Унга Covid-19 инфекцияси ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир нафас етишмовчилиги, ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги, полиорган етишмовчилиги, семизлик 2-даражаси асоратлари билан кечган.
 
Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган. 

Иккинчи ўлим. 18 июль куни Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасига ётқизилган 80 ёшли бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди.

Тошкент шаҳри Яккасарой туманида яшаган 80 ёшли В.Х. (аёл)да жорий йил 18 июль куни Covid-19 тасдиқланган ва у Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникаси реанимация бўлимига ётқизилган. 

Унга Covid-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир нафас етишмовчилиги, ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги асоратлари билан кечган.

Шунингдек, бемор юрак ишемик касаллиги, стенокардия ҳамда гипертония каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Учинчи ўлим. 12 июль куни Сурхондарё вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказига ётқизилган термизлик 40 ёшли бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги ҳамда ўпка шишидан вафот этди.

Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида яшаган 40 ёшли Т.Х. (эркак)да 12 июль куни Covid-19 тасдиқланган ва у вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази реанимация бўлимига ётқизилган.

Унга Covid-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир нафас етишмовчилиги, ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги, полиорган етишмовчилиги асоратлари билан кечган.

Шунингдек, бемор гипертония ҳамроҳ касаллиги билан ҳам оғриган.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, терминал ўпка шишидан вафот этган.

Вазирлик бу беморларнинг барчасига мутахассислар томонидан онлайн консультация ва консилиумлар ўтказилгани, даволаш жараёни белгиланган стандартлар асосида олиб борилганини қайд этган.

Эндиликда Ўзбекистонда коронавирус қурбонлари сони расман 98тага етди. Шу вақтгача Тошкент шаҳрида 57, Тошкент вилоятида 10, Сурхондарё вилоятида 6, Бухоро ва Наманган вилоятларида 4, Жиззах, Навоий, Самарқанд вилоятларида 3, Қашқадарё вилоятида ва Қорақалпоғистон Республикасида 2, Сирдарё, Фарғона, Хоразм ва Андижонда биттадан ўлим қайд этилди.

22 июль куни Қорақалпоғистоннинг собиқ прокурори Хакимбай Халимов 66 ёшида вафот этгани хабар қилинди. Аввалроқ у коронавирусга чалингани маълум бўлганди. ССВ ҳозирча бу ўлим ҳолатини ўз статистикасида қайд этмади.

Шунингдек, Чилонзор тумани собиқ ҳокими, «Сувсоз» раҳбари Тоҳир Мирҳидоятов 60 ёшида вафот этгани маълум бўлди. Унинг ўлими сабаби маълуммас.

Мавзуга оид