Ўзбекистон | 20:36 / 22.07.2020
5342
2 дақиқада ўқилади

Олмалиқда ҳафта охиригача вирусология лабораторияси ишга туширилади

Олмалиқ шаҳар санитария-эпидемиология осойишталик маркази қошида замонавий стационар вирусология лабораторияси барпо этилмоқда. Бу ерда коронавирус инфекцияси бўйича топширилган таҳлил намуналари хулосаси 24 соат ичида маълум бўлади.

«Олмалиқ кон-металлургия комбинати акциядорлик жамияти ташаббуси билан Олмалиқ шаҳар санитария-эпидемиология осойишталик маркази қошида замонавий стационар вирусология лабораторияси барпо этилмоқда. Лаборатория лойиҳаси Республика Санитария–эпидемиологик осойишталик агентлиги билан келишилган ҳолда тайёрланган бўлиб, бунинг учун алоҳида бино бунёд этиляпти.

Айни кунларда таъмир ишлари якунига етмоқда. Бинонинг вентиляцион тизими янгиланган. Хоналарга замонавий пластик эшик ва ромлар ўрнатилади. Ҳозирги кунларда лаборатория замонавий ускуналар билан жиҳозланиб, ПЗР аппарати ҳам олиб келинади», дея Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Беҳзод Қобуловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

«Олмалиқметаллургқурилиш» трести бош муҳандиси Акмал Абдуқодировнинг таъкидлашича, лабораторияни бунёд этиш жорий йилнинг 15 июлидан бошланган. Айни пайтда қурилиш юмушлари уч сменада ташкил этилган.

Вирусология лабораторияси шу ҳафтанинг охирида фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган. Эндиликда олмалиқликлар коронавирус инфекцияси бўйича топширилган таҳлил намуналари хулосасини 24 соатда олиш имконига эга бўлишади.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид