Жамият | 19:38 / 22.07.2020
21025
3 дақиқада ўқилади

Шаҳрихонда кам таъминланган оилаларга ажратилган 82 млн сўм маблағ талон-торож бўлди

Бош прокуратура матбуот хизмати маҳкама ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти томонидан сўнгги кунларда аниқланган жиноятлар бўйича Kun.uz`га маълумот берди.

Хабар қилинишича, Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманидаги «Якка тут» МФЙ мансабдор шахслари томонидан кам таъминланган оилалар тоифасига кирмайдиган 51 нафар фуқарога асоссиз равишда моддий ёрдам пуллари тўлаб берилиши оқибатида 82,2 млн сўм бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланган.

Ҳолат юзасидан МФЙ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми «а,в,г» бандлари ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Терговга қадар текширув Департаментнинг Шаҳрихон туман бўлими томонидан вилоят Давлат молиявий назорат бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган.

Тошлоқда кадастр ходими ва лойиҳа муҳандиси 400 доллар билан ушланди

Тошлоқ туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими мутахассиси М.М. Ўзбек давлат ер тузиш-илмий лойиҳалаш институти «Ўздаверлойиҳа» Фарғона филиали муҳандиси Ю.Ғ. билан олдиндан тил бириктириб, «М.Ф» деҳқон хўжалиги раҳбари А.А.дан янги қурилган бино ва иншоотларни кадастр ҳужжатларини тайёрлаб бериш, ер лойиҳа чизма ҳужжатларига қўшимча ер ажратиб бериш ва туман ҳокимининг қарорини чиқартириб бериш эвазига 400 доллар олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Ҳолат юзасидан бўлим мутахассиси М.М. ва бўлим муҳандиси Ю.Ғ.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Тезкор тадбир Департаментнинг Фарғона шаҳар бўлими томонидан ўтказилган.

Ҳазораспда 8 минг доллар эвазига ер ажратиб беришни ваъда қилган фирибгар ушланди

Хоразм вилояти Ҳазорасп туман ҳокимлиги қурилиш бўлими етакчи мутахассиси Ж.Н. фуқаро О.Б.га Тупроққалъа тумани «Обод» маҳалласи ҳудудидан туман ҳокимлиги захирасидаги бўш ер майдонидан 1 200 кв.м. ер участкасини Ҳазорасп туман ҳокимлиги ҳамда туман ер тузиш ва давлат кадастри бўлимида ишловчи танишлари орқали ажратиб бериши эвазига 8 000 доллар олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Ҳолат юзасидан бўлим етакчи мутахассиси Ж.Н.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди 28,211-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Тезкор тадбир Департаментнинг Ҳазорасп туман бўлими томонидан ДХХ билан ҳамкорликда ўтказилган.

Мавзуга оид