Ўзбекистон | 21:21 / 22.07.2020
54649
2 дақиқада ўқилади

Uzbekistan Airways: Сентябрдан Россияга парвозлар тикланиши ҳали сўроқ остида

Uzbekistan Airways компанияси Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги мунтазам рейсларни қачон тиклаши ҳозирча аниқ эмас, деб маълум қилди компания матбуот котиби Ҳабибулла Набиев.

Фото: KUN.UZ

Аввалроқ Uzbekistan Airways авиакомпанияси чипталари сотуви бўйича расмий сайт – uzaiways.online сайтида сентябрь ойидан бошлаб Россия 5та шаҳрига йўлга қўйилиши режалаштирилаётган рейслар жадвали эълон қилинган эди. Айни пайтда сайтдаги ушбу саҳифа мавжуд эмас.

Kun.uz мухбири ҳолатга аниқлик киритиш учун Uzbekistan Airways матбуот котиби Ҳабибулла Набиев билан боғланди.

«1 сентябрдан бошлаб Россиянинг қатор шаҳарларига мунтазам авиарейслар тикланиши борасидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Тўғри, биз сентябрь ойи учун рейслар жадвалини тузганмиз. Лекин бу – Махсус комиссия эпидемиологик вазиятга кўра мунтазам рейсларни тиклашга рухсат берган ҳолатда қандай тартибда парвозларни ташкил қилишимиз бўйича жадвал.

Чунки Махсус комиссия рухсат берса, биз ўша ондаёқ парвозларни тиклай олмай қолишимиз мумкин. Ҳар бир парвоз бир неча ташкилотлар, аэропортлар ўртасида мувофиқлаштирилади.

Ўша пайтда вақт йўқотмаслик учун тузаётган режаларимиз ҳақида маълумот тарқалган ва кўпчилик буни «1 сентябрдан рейслар тикланиши аниқ экан», дея қабул қилган.

Эпидемиологик вазият қандай бўлишини олдиндан мутлақо прогноз қилиб бўлмайди. Мунтазам рейслар қачон тикланиши бўйича аниқ ахборотни расман эълон қиламиз», – деди Ҳабибулла Набиев.

Транспорт вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов парвозларнинг тикланишига оид саволимизга: «Бу масалада ҳали расмий маълумот йўқ», дея жавоб берди.

 

Мавзуга оид