Ўзбекистон | 16:19 / 23.07.2020
23946
2 дақиқада ўқилади

Ўқитувчилар фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик белгиланди

Президент “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 197-5-модда билан тўлдирилди.

Ушбу моддада таълим муассасаси педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш учун жавобгарлик белгилаб қўйилди.

Таълим муассасаси педагог ходимининг касбий фаолиятига таълим олувчилар билимини тўғри ва холис баҳолашига таъсир кўрсатиш билан ифодаланган тарзда қонунга хилоф равишда аралашиш ёки таълим муассасаси педагог ходимининг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш - фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача (1 млн 115 минг сўмдан 1 млн 561 минг сўмгача), мансабдор шахсларга эса – етти бараваридан ўн бараваригача (1 млн 561 минг сўмдан 2 млн 230 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса - фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан ўн бараваригача (1 млн 561 минг сўмдан 2 млн 230 минг сўмгача), мансабдор шахсларга эса – ўн бараваридан ўн беш бараваригача (2 млн 230 минг сўмдан 3 млн 345 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу ҳуқуқбузарлик содир этилганда таълим муассасасининг педагог ходими маъмурий баённома тузмасдан ўз аризасида ҳуқуқбузарнинг шахси, ҳуқуқбузарлик содир этилган жой, вақт ва унинг моҳияти тўғрисидаги маълумотларни ҳамда бошқа зарур бўлган маълумотларни кўрсатган ҳолда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Мавзуга оид