Ўзбекистон | 10:11 / 23.07.2020
4471
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда тақсимланмайдиган таваккалчиликлар кўзда тутилган шартномалар асосида углеводородларни қазиш механизми жорий қилинмоқда

Улар қазиб олиниши мураккаб бўлган ва кичик захирали углеводород конларида қазиш ишларини олиб боришда шартномавий механизм сифатида қўлланилади.

Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг  2020 йил 21 июлда ВМҚ-448-сонли қарори қабул қилинди. Янги механизм қазиб олиниши мураккаб бўлган конларда углеводородларни қазиб олиш ҳажмини кўпайтиришда муҳим рағбат бўлиб хизмат қилади.

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, янги ҳужжат Ўзбекистон президентининг нефть-газ тармоғи бошқарувини такомиллаштириш борасидаги 9.07.2019 йилдаги ПҚ-4388-сонли қарорини ижро этиш мақсадида қабул қилинган.

Халқаро амалиётда углеводородларни қазишда, шу жумладан, қазиб олиниши мураккаб бўлган ва кичик захирали углеводород конларида қазиш жараёнида   геологик ва молиявий таваккалчиликларни қисқартириш мақсадида ер ости бойликларидан фойдаланувчи компанияларни тақсимланмаган таваккалчиликлар шарти билан жалб қилади.

Қабул қилинган қарорга мувофиқ белгиланадики, тақсимланмаган таваккалчилик шартномалар асосида углеводородларни қазиб олиш механизми устав жамғармасида (капиталида) 50 фоиз ва ундан юқори бўлган давлат улуши бор давлат корхоналари ва юридик шахсларга татбиқ қилинади.

Бундай шартномалар асосида пудратчилар жалб қилинадиган конларнинг рўйхати ер ости бойликларидан фойдаланувчиларнинг таклифлари асосида Энергетика вазирлиги томонидан шакллантирилади.

Пудратчи танлов асосида аниқланади. Шартноманинг янги турида пудратчи томонидан ўз ҳисобидан ва ўз таваккалчилиги эвазига углеводородларни қазиб олиш ҳажмини кўпайтириш ишларига қўл уриши кўзда тутилган.

Шартномага кўра пудратчига тегишли бўлган нефть ва газ конденсати улуши шартномавий асосда хом ашё шаклида ички бозорда сотилиши ёки кейинчалик ички бозорда сотиш ёки экспорт қилиш мақсадида Ўзбекистон ҳудудида қайта ишланиши мумкин.

Шартнома асосида пудратчига тегишли бўлган табиий газ улуши шартномавий асосда ички бозорда сотилади.

Шартномалар битта ёки бир нечта кон бўйича 10 йил муддатга тузилиши ҳамда ер ости бойликларидан фойдаланувчи ва пудратчи ўртасидаги ўзаро келишувига асосан қўшимча равишда 5 йилга узайтирилиши мумкин.

Шунингдек, қарорда танлов савдоларини ўтказиш шартлари ҳамда углеводородларни қазишни кўпайтириш бўйича тақсимланмаган таваккалчилик контрактларга нисбатан минимал талаблар, ер ости бойликларидан фойдаланувчи ва пудратчи ўртасида бундай шартномани тузиш схемаси кўзда тутилган.

Натижада, ушбу механизм республиканинг нефть-газ тармоғида сервис хизматларини ривожлантиришга хизмат қилади. Айни пайтда ўзаро манфаатли шартлар асосида пудратчиларнинг сармояси ҳисобидан углеводородларни қазиш ҳажмини кўпайтириш ишларини амалга ошириш имконини беради.

Ушбу қарорнинг қабул қилиниши танлов асосида салоҳиятли манфаатдор инвесторларни танлашга имкон беради, тармоқни ривожлантиришга кўмаклашади, илғор технологияларни жорий қилиш ва углеводородларни қазишни кўпайтиришга хизмат қилади.

Мавзуга оид