Жамият | 08:07 / 23.07.2020
11057
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 10 нафардан ортиқ шахс иштирокида жанжал юз берди. Уларни қўлга олиш пайтида пичоқлар ва дорилар топилди

Чилонзор туманида содир бўлган ҳодиса ҳақида тезкор хабар берилди.

Жорий йилнинг 21 июль куни соат 14:30да 102 рақамига Чилонзор туманининг 3-кварталида яшовчи аҳолидан хабар келиб тушган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ маълум қилмоқда.

Хабарга кўра, Чўпонота кўчасида илгари АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси жойлашган бинонинг яқинида ўн нафардан ортиқ ёшлар жанжаллашаётгани аниқланди.

Ҳодиса жойига Тошкент шаҳар ИИББ ППХ Бригадаси 4-батальони ходимлари етиб келишди. Патруль автомобилини кўрган ёшларнинг бир нечтаси қочиб кетган, етти нафари эса қўлга олиниб, энг яқин ички ишлар бўлимига олиб келинди. Қўлга олинганлардан бири – муқаддам судланган 28 ёшли Э.Ш. текширилганда унинг автомобилининг салонидан учта пичоқ, барсеткасидан эса 3 флакон “Тропикамид”, 1 флакон “Риноксил”, 6 таблетка “Селофен” топилди.

Ҳозирда Чилонзор тумани ИИО ФМБ 4-сон ички ишлар бўлими томонидан текширув ўтказилмоқда. 

Текширув давомида ҳодисанинг бошқа иштирокчиларининг шахслари аниқланиб, сўнг барча иштирокчиларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади, дейилади хабарда.

Мавзуга оид