Жамият | 18:12 / 24.07.2020
4173
3 дақиқада ўқилади

«Ҳудудий электр тармоқлари» водийда электр муаммоси юзага келгани бўйича изоҳ берди

Бугун, 24 июль куни Kun.uz сайтида Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларидаги электр энергияси таъминотидаги ҳолат ҳақида «Водий вилоятларида ёз кунларида ҳам «свет» ўча бошлади. Мутасаддилар нима дейди?» сарлавҳа остида материал эълон қилинганди.

Унда уч вилоят ҳудудий электр тармоқлари тезкор-диспетчерлик пункти мутасаддиларидан ўз ҳудудларига истеъмол учун берилаётган жами электр энергиясининг қуввати ва аҳолига етказилишда муаммолар бор-йўқлиги ўрганилган.

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ мазкур мақола бўйича ўз муносабатини билдирди.

«Маълумки, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган ҳар бир киловатт электр энергияси ҳисобли ва у бутун республика бўйлаб ҳудудлар кесимида эҳтиёжга қараб тақсимланади. Бу, албатта, вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхоналари эҳтиёжи ҳамда тасдиқланган электр энергияси ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш балансидан чиқиб кетмаган ҳолатда умумлаштирилади.

Ҳудудларда электр энергиясига бўлган эҳтиёж эса прогноз кўрсаткичларга таянган ҳолда белгиланиб, амалда уларга нисбатан кам ёки кўп бўлиши мавсум ва иқтисодиёт тармоқларида бўлаётган ўзгаришларга боғлиқдир.

Водий вилоятларининг айрим ҳудудлари, хусусан, Наманган вилоятида вужудга келган электр энергиясидаги белгиланган лимитдан ортиқ истеъмол мавсум билан боғлиқ бўлиб, яъни ҳаво ҳарорати кескин исиб кетиши сабабли насос станцияларини узлуксиз ишлашини таъминлаш, шунингдек, пандемия шароитида аҳоли истеъмолчиларининг уйларида қолиши, қолаверса айрим тадбиркорлик фаолиятларига ҳукумат томонидан берилаётган имкониятлардан фойдаланиб, ўз иш фаолиятларини кенгайтириши натижасида электр энергиясига бўлган эҳтиёж ортишига сабаб бўлмоқда.

Бунинг натижасида «Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари» АЖ Марказий диспетчерлик хизмати томонидан тасдиқланган электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмол баланси асосида ишлаб чиқилган лимитлардан ошиб кетмаслик бўйича кўрсатма берилган.

Шу ўринда Наманган вилояти учун жорий йил июль ойи учун белгиланган лимит ўтган йилданинг мос даврига нисбатан 11 млн.кВт.соатга кўплигини ҳам айтиб ўтиш лозим.

Шунга қарамай, ҳозирги кунда электр энергиясига бўлган эҳтиёж бундан ҳам кўп бўлишини кўрсатмоқда. Айни пайтда юзага келаётган ушбу муаммоларни бартараф этиш бўйича ҳамкор ташкилотлар билан тегишли чоралар қўрилмоқда», дейилади «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ матбуот хизмати томонидан берилган маълумотда. 

Мавзуга оид