Ҳукуматни танқид қилаётган қидирувдаги фирибгар 100дан ортиқ шахсни алдаб кетган
Тошкент шаҳрида масъулияти чекланган жамият ташкил этиб, унга норасмий раҳбарлик қилган А.М. ва унинг шериклари бошқаларни алдаб, 1,7 миллион доллардан кўп маблағни ўзлаштирган, деб хабар бермоқда Kun.uz манбаси.
ИИВ Тергов департаментининг Kun.uz'га маълум қилишича, А.М. Тошкент шаҳар Юнусобод тумани 9-мавзе, Қулоқтепа кўчаси 1-уй 7-хонадонда жойлашган, фаолият турига кўра «Тижорат фаолияти ва бошқарув масалалари бўйича маслаҳат бериш» ҳисобланган «World Crypto Capital»МЧЖни ташкил этиб, унга норасмий раҳбарлик қилган.
У жамият ташкил топган кундан то 11.12.2019 йилга қадар бўлган вақт оралиғида фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритишни мақсад қилиб, таниши А.М. ва бошқалардан иборат бўлган уюшган гуруҳга бирлашган.
«А.М. уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 3 июлдаги «Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида»ги қарор талабларига зид равишда, крипто-активлар савдоси билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида шуғулланиш учун президент ҳузуридаги «Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги»дан рухсатнома олмасдан туриб, фуқароларга ICG «International Consulting Group» платформасига сармоя киритишини ва шу орқали киритган маблағидан ҳафталик, ойлик ва йиллик катта миқдордаги даромад олишга қизиқтирган. У шу йўл билан бошқаларнинг ишончига кириб, ўзганинг жуда кўп миқдордаги пулларни эгаллаб, ноқонуний фаолият билан шуғулланиб келганликлари аниқланган», - дейилади Тергов департаменти маълумотида.
Айбланувчи ўз режасини амалга ошириш учун ОАВ ва ижтимоий медиада реклама тарқатади. Унда компания биткоинлар олди-сотдиси билан шуғулланиши таъкидланган. Шундай қилиб, ICG «International Consulting Group» платформасига сармоя киритган фуқароларга шахсий кабинет ажратилган, уларнинг сармоя ва даромадлари электрон рақамда акс эттирилган. Аммо фирибгарнинг ишлари фош этилгандан сўнг, платформа ҳам йўқолган.
Таъкидланишича, мазкур жиноят иши 2019 йил 23 декабрь куни Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан «World Crypto Capital» МЧЖ таъсисчиларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан қўзғатилиб, жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатларини давом эттириш учун Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармасига юборилган.
Жиноят иши бўйича ҳозирги кунга келиб 110 га яқин фуқаро сўроқ қилиниб, жабрланувчи ва фуқаровий даъвогар деб эътироф этилган.
Жиноят иши юзасидан А.М. ва унинг таниши А.М. ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми «в» банди ва бошқа моддалар билан сиртдан айблов эълон қилиниб, «қамоққа олиш»тарзидаги эҳтиёт чораси танланиб, уларга нисбатан 2020 йил 12 мартдан қидирув эълон қилинган.
Қидирувдаги айбланувчининг ўзи ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали 2019 йили ўтказилган сайловда номзод сифатида иштирок этишдан умидвор бўлганини ёзган. Натижасиз якунланган сиёсий фаоллик кейинчалик жиноят иши очилгандан сўнг, Ўзбекистон ҳукумати ва давлат бошқарувини фаол танқид қилишга ўзгарди.
Маълумот учун, Капитал бозорни ривожлантириш агентлиги бир неча оммавий мурожаатлар орқали аҳолини молиявий пирамидалар тузоғига тушиб қолмасликдан огоҳлантирган.
Мавзуга оид
16:21 / 11.11.2024
Тошкент шаҳри ҳавосини энг ёмон деб кўрсатган станция бузилиб қолди
14:14 / 24.10.2024
Пойтахт дренаж тизимини яхшилаш учун 6 млрд сўм ажратилди
13:30 / 20.08.2024
Тошкент пропискаси ҳақидаги қонун бекор қилинади
15:43 / 03.08.2024