Ўзбекистон | 22:06 / 25.07.2020
13470
2 дақиқада ўқилади

Россия, Украина ва Мисрда қолиб кетган талабалар Ўзбекистонга олиб келинади – Транспорт вазирлиги

Транспорт вазирлиги август ойининг биринчи ўн кунлигида Москва, Санкт-Петербург, Новосибирск, Томск, Қозон, Ростов-Дон, Киев, Қоҳира шаҳарларида қолиб кетган талабалар махсус чартер рейслари орқали Ўзбекистонга олиб келинишини маълум қилди.

«Республика махсус комиссияси топшириғига биноан август ойининг биринчи декадасида Москва, Санкт-Петербург, Новосибирск, Томск, Қозон, Ростов-Дон, Киев, Қоҳира шаҳарларидан махсус чартер рейслари орқали Ўзбекистонлик талабаларни олиб келиш ишларини ташкил этиш масаласида хорижий давлатлар авиация маъмуриятлари билан ишлар олиб борилмоқда», дейилади расмий хабарда.

Қайд этилишича, шу кунга қадар Москва, Санкт-Петербург, Новосибирск, Томск, Минск, Истанбул каби шаҳарлардан ўзбек талабалари олиб келинган.

Эслатиб ўтамиз, 15 июль куни Cибирь федерал округи олий ўқув юртларида таҳсил олаётган юздан зиёд ўзбекистонлик талаба бош вазир Абдулла Ариповга видеомурожаат йўллаб, ўзларини қийнаётган муаммонинг ҳал этилишида ёрдам сўраган эди. Орадан бир ҳафта ўтгач улар чартер рейс орқали ватанга қайтарилди.

25 апрель куни Kun.uz’да Татаристоннинг Қозон шаҳрида қолиб кетган ўзбекистонлик талабалар ватанга қайтиш учун кўмак сўраб президент ва ҳукуматга мурожаат йўллаган эди. Улар 28 июнь куни навбатдан ташқари чартер рейсга ёзилишгани, рейс қолдирилгач, қарийб бир ойдан бери Ўзбекистонга қайта олишмаётганликларини айтишганди.

«Карантин харажатларини кўтаришга, ўз ҳисобимиздан меҳмонхонада туришга тайёрмиз, чартер рейс учун рўйхатдан ўтишда ҳам буни кўрсатиб ўтганмиз. Давлат бизга самолёт жўнатса бўлди», дейишган Қозонда қолиб кетган ўзбек талабалари.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид